home  
Во имя Аллаха, Милостивого, Милосердного!
Клянусь предвечерним временем (или временем)! Воистину, каждый человек в убытке, кроме тех, которые уверовали, совершали праведные деяния, заповедали друг другу истину и заповедали друг другу терпение! Суры «аль-Аср»
Главная » Статьи » Имом Ал-Буҳорий

Имом Ал-Буҳорий

Имом Ал-Буҳорий
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба ал-Бухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойини 13-си, Жума кунида Бухорода таваллуд топдилар. У киши этим бўлиб ўсдилар. Ёшлари 9 га этганда Қуръони Каримни тўлалигича ёд олдилар. Ҳадис эшитишликни хуш кўрардилар, вояга этгунга қадар 10000 дан зиёд ҳадисни ёд билардилар. 

Ҳомид ибн Исмоил айтадилар: «Бухорий билан дарс олардим. Биз ҳар бир ҳадисни ёзиб борардик. Бухорий эса ёзмас эдилар. Биз эй Муҳаммад ибн Исмоил, нега ёзмайсиз, деб сўрасак, у киши: «Қани, ёзган нарсаларингни кўрсатинглар-чи», дедилар. Биз кўрсатганимизда, биз ёзган ҳадисларни ва унга яна 15000 ҳадис зиёда қилиб ёддан айтиб бердилар». 

Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Оналари Иброҳим пайғамбарни туш кўрадилар. У киши: «Eй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб беради», дейдилар. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди. Имом 18 ёшга тўлганларида оналари ва акалари билан ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага келадилар. Ҳаж амалларининг бажариб бўлгач, оналари ва акаларини Бухорога жўнатиб, ўзлари ҳадис жамлаш учун шу эрда қоладилар. 

Имом Бухорийдан: «Нега бу ишга қўл урдингиз! деб, сўрашганда, шундоқ жавоб берган эканлар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда элпиғич, у кишини элпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир айтувчиларга айтсам: «Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни элпиб турасан»-дейишди. Имом Маккадаги Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрий исмли кишидан дарс олади. Сўнг Хуросон, Бағдод, Ҳижоз, Басра, Куфа, Шом, Миср каби жойлардаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Имом Бухорий 600000 ҳадис тўплаб, шундан 100000 саҳиҳ, 200000 заиф ҳадисни ёдлайдилар. Бу ҳадисларни тўплашда 90000дан зиёд кишининг ҳузурида бўлиб чиқадилар. Маражжа ибн Ражаъ айтадилар: «Имом Бухорий Аллоҳнинг эрда юрувчи можизаси эди». Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрибман. У киши: «Қаерга кетаяп- сан?», деб сўрадилар. Мен, Муҳаммад ибн Исмоилнинг ҳузурига, деб жавоб берсам: «Ундай бўлса мендан салом айтиб қўй», дедилар. 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: «Ҳадис ёдлаш тўрт кишида тамом бўлди: Абу Заръата ар-Розий, Исмоил ал-Бухорий, Имом Доримий, Ҳасан ибн Шужжа ал-Балҳий». Имом Бухорийнинг устозларидан бири Абдуллоҳ ибн Холид ал-Омирий: «Бухорийнинг кўкрагидаги туки бўлишига рози эдим»-деганлар. 

Ал-Фирабий айтадилар: «Бир куни Бухорийни туш кўрдим. У киши Расулуллоҳнинг орқаларидан юрар эдилар. Бухорий Расулуллоҳнинг оёқ изларига оёғини қўяр эдилар». Ҳадис олимларидан бўлмиш Муслим ҳар қачон Бухорийни ҳузурларига кирсалар: «Eй ҳадислар табиби! Эй ҳадис уламоларининг саййиди! Ижозат берсангиз оёғингизни ўпсам»-дер эканлар. Бухорий ўзларининг «Жомеъ Саҳиҳ» китобларини 16 йилда ёзиб тугатадилар. «Қачонки мана шу китобимга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб икки ракъат намоз ўқирдим», деб айтадилар. Уламолар бу китобни Қуръон ва Расулуллоҳнинг китобларидан кейинги энг саҳиҳ китоб деб билишар эди. Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Расулуллоҳни туш кўрибман, менга: «Қачонгача фиқҳ ўқийсан? Менинг китобимни ўқисанг бўлмайдими?»-дедилар. Мен: «Сизнинг китобингиз қайси», деб сўраганимда: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг китоблари – мени китобимдир», дедилар. 

Ўша пайтдаги уламолардан бўлмиш имом ал- Ҳоким айтадилар: «Бу дунёни остин-устин қилиб юборилса ҳам, Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёдловчи одам топилмайди». Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобларига 82та шарҳ ёзилган. Шулардан энг машҳурлари Асқалонийнинг «Фатҳ ул-Борий», Бадруддин ал-Айнийнинг «Умдату ал-Қорий»,ал-Карамийнинг «Кавкаб ад-Дарорий», Қасталонийнинг «Иршод ас-Сорий», Имом Суютийнинг «Ат-Тавшиҳ», Муҳаммад Анвар Кашмирийнинг «Файзул-Борий» китобларидир. Имом Бухорий «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»дан ташқари яна бир қанча китобларнинг муаллифи ҳамдирлар. «Адаб ул-муфрад», «Бирр ул-волидайни», «Тарих ул-кабир», «Муснад ул-кабир», «Китобу асмои саҳоба», «Тафсир ул-кабир», «Холқу афъоли ибод», «Сулосиятул Бухорий», «Ҳадис ун-Набавий», «Тарих ус-сағир», «Зуафо ус-сағир» ва бошқа китоблар шулар жумласидандир. 

Имом Бухорийнинг устозлари кўп бўлган, у киши Али ибн ал-Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ишоқ ибн Роҳавайҳ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Мусаннадий, Муҳаммад ибн Салом ва бошқалардан дарс олганлар. Бундан ташқари Имом Бухорий Ҳамад ибн Шокир, Иброҳим ибн Муаккал, Тоҳир ибн Муҳамад, Абу Талха Мансур, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Бакр ибн Ишоқ, Абу Фазл Аҳмад ибн Салма, Абу Бакр ибн Абуд Дунё, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Қабоний, Саҳл ибн Шадивейҳ ал-Бухорий ва бошқа шогирдларга устозлик қилганлар. Имом Бухорий кўп шаҳарларда умр кечирадилар. Кейинчалик ўз она юртларини соғиниб, Бухорога қайтиб келадилар. Имом Бухорийни Бухоро аҳли жуда яхши кутиб олади, бу эрга келган кунлари бошларидан олтин сочишади. 

Агар Имом Бухорий масжидда ҳадис айтиб дарс берадиган бўлсалар, масжид тўлиб-тошар, одамлар сони 10 минг, баъзан 20 мингдан ошиб кетар эди. Ҳар замонда бўлгани каби маломатчилар, ҳасадгўйлар, ғийбатчилар ўша вақтдаги Бухоро амири Холид ибн Аҳмад ҳузурига келиб: «Бухорий халқни ўзига оғдириб олди, тезроқ бир чора кўрмасангиз халқ сиздан юз ўгиради»,-деб айтишди. Холид бу ишда ўз яқинларига маслаҳат солади. Улар: «Бухорий жуда машҳур одам, унга ёмонлик қилинса, халқ қўзғолон кўтаради, яхшиси уни халқдан ажратиб олиш керак», деб маслаҳат берадилар. Холид Бухорийга одам юбориб, саройга келиб амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришга таклиф этади. Бухорий бундан бош тортадилар. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда Амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: «Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормайди»-деб жавоб берадилар. Бу гапларга чидай олмаган амир Бухорийга бу эрдан тезлик билан чиқиб кетишини буюради. Бухорий амирнинг зиёнига дуо қилиб, Самарқандга қараб йўл олади. Самарқанддан икки чақирим узоқликдаги Хартанг қишлоғидаги қариндошлариникига келиб тушадилар. Бу эрда уч кун турадилар. Ана шу куни кечасиги намозни ўқиб бўлгач: «Eй Роббим!» Эр кенг бўлишига қарамай, менга тор бўлиб кетди. Мени ўз ҳузурингга чақиргин», деб дуо қиладилар. Ғолиб ибн Жиброил айтадилар: «Самарқанд аҳли Бухорийнинг ҳузурларига келиб ана шу эрда яшашларини илтимос қилишди. Бухорий бунга рози бўлиб, сафарга отландилар. Энди отлари томон 4-5 қадам босганларида бирдан ҳолдан тойиб, йиқиладиган даражага келиб қолдилар. Имомни уйга олиб киришди ва у киши кўп ўтмай вафот этдилар. Эртасига жанозалари ўқилиб, қабрга қўйилди. Қабрларидан бир қанча кун хуш бўй мушк ҳиди таралиб турди. Имом Бухорий ўлимларининг хабари, ўша пайтдаги халифа Ибн Тоҳирга этиб борганди. Халифа амир Холид ибн Аҳмаднинг юзига қора суриб, эшакка тескари ўтказиб, шаҳар айлантиришга, сўнг чўлга қўйиб юборишга амр қилди. Чўлда уни йиртқич ҳайвонлар эб кетди. Аллоҳ жоҳил амирни шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаб қўяқолди. 

Абдулвоҳид ибн Адҳам ат-Тувовисий айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни тушимда кўрдим. У киши билан бир жамоа ашоблари ҳам бор эди. Расулуллоҳ гўё кимнидир кутаётгандек бир тарафга қараб турардилар. У кишига салом бердим: «Кимни кутиб турибсиз эй Расулуллоҳ?» десам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни», деб жавоб бердилар. Мен икки-уч кундан кейин Бухорийни вафот этганларини эшитиб қолдим. Сўраб-суриштирсам, Расулуллоҳни туш кўрган куним вафот этган эканлар. Яҳё ибн Жаъфар айтадилар: «Агар Бухорийнинг умрларини узайтиришга қодир бўлганимда, жонимни бериб бўлса ҳам асраб қолган бўлар эдим». 

Имом Бухорий ҳижратнинг 256 йили, Шаввол ойининг бошларида Фитр ҳайити кечасида вафот этдилар. Бу зот 13 кун кам 62 йил умр кечирдилар.


Источник: Uzgen.jimdo.com

Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташланг

Если Вы нашли ошибку на сайте, отправьте, пожалуйста, сообщение модератору.
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.

Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.
Categories: Статьи / Date: 29/11/2013
Comments 0