Имом ибн Можжа
Имом ибн Можжа
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Моажа Робиий ал-Қазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири — Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари «Робиа» қабиласининг бошлигʻи боʻлиб, Можа исми билан танилган эдилар.
Имом Ибн Моажа «Саҳиҳ» деб тан олинган 6та китобдан бирининг соҳиби боʻлмиш имомлардан эдилар. У зот вояга этганда ҳадис тоʻплаш учун Ироқ, Басра, Куфа, Шом, Миср, Рай каби оʻлкаларга сафар қилдилар. Дамашқдаги Ҳишом ибн Аммор, Аббос ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир, Маҳмуд ибн Холид, Мисрдаги Ҳарламата ибн Яҳё, Абу Тоҳир ибн ас-Сирота, Муҳаммад ибн Рамҳ, Муҳаммад ибн Ҳорис, Юнус ибн Абдулъало, Хумсдаги Муҳаммад ибн Мусаффо, Ҳашшом ибн Абдулмалик, Богʻдоддаги Абу Бакр ибн Абу Шайба, Аҳмад ибн Абда, Исмоил ибн Мусо, Абу Ҳайсама Зоҳир ибн Харб каби уламолардан дарс олиб, ҳадислар тоʻпладилар. Имом Ибн Можа ҳаммаси боʻлиб 32та китоб ёзганлар. Шулардан машҳурлари: «Сунани Ибн Можа» (ҳадис китоблари), «Тафсири Ибн Можа» (тафсир китоблари), «Тарихи Ибн Можа» (тарих китоблари). У зотдан Муҳаммад Исо ал-Абҳарий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қаттон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий, Абу Тоййиб Аҳмад ибн Руҳ ал-Богʻдодийлар дарс олишган ва ҳадис ривоят қилишган.
Ибн Можанинг оʻзлари ва китоблари тоʻгʻрисидаги уламолар коʻп мақтовли соʻзларни айтишган. Абу Яʼло ал-Ҳалимий айтадилар: «Ибн Можага одамлар ишониб, ҳадис илмида у кишига суянадилар». Муҳаммад ибн Жаʼфар ал-Каттоний оʻзларининг «Рисолати ал-мустатрофа» китобларида шундай келтирадилар: «Уламолар Ибн Можанинг „Сунан" китобларини ишончли, кучли ва фиқҳ илмида катта фойда беришини коʻриб, олтинчи саҳиҳ китоб», деб тан олишди".
Ибн Тоҳир айтадилар: «Кимки Ибн Можанинг ҳадис китобларига қараса, боблари коʻплиги, бир ҳадис қайта такрорланмаслиги ва ҳадисларнинг чиройли тартибда ёзилганлигини коʻриб, ҳақиқатда у зотни ҳадис жамлашда ва китоб ёзишда қандай яхши ёʻл тутганларини билади. Бу китоб жуда машҳур боʻлмаса ҳам, оʻзига яраша оброʻ-еʼтибори бордир».
Абу Ҳасан Али Иброҳим ибн Салама айтадилар: «Имомнинг „Сунан" китоби 32 жуз боʻлиб, унда 1500та боб бордир. Ва бу китоб 4341дан зиёда ҳадисни оʻз ичига олгандир». Бу зот ҳижратнинг 273 йили вафот этдилар.
Источник: Uzgen.jimdo.com
Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташланг
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.
Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.