Бегона юртда яшаб ёки ишлаб туриб рўза тутиш
Савол: Мен ҳозир жанубий Кореядаман… Бу ерда ишлаётган болалар менга "Ишлаб рўза тутиш қийин бўлаяпти, бизга бирон осон йўллари бордир, мусофирга енгиллик бор-ку”, - дейишди. Лекин менинг жаҳлим чиқиб: ”Сизлар бу ерга мажбуран келмагансиз. 1 ой дам олинг ёки кечқурунги ишга киринг”, - деб уришиб бердим. Ўша кундан бери нотўғри гапириб қўймадиммикан, деб кўп ўйладим, охири сизга ёзишга аҳд қилдим. Болаларга тўғри танбеҳ бердимми ёки нотўғри?
Жавоб: Аллоҳ ҳаммамизни Ўз ҳидоятида бардавом этсин. Сиз қандай қилиб бўлса ҳам рўзани иложи борича ўз вақтида тутиш кераклигини айтиб, биродарларингизга тўғри маслаҳат бергансиз. Шу билан бир қаторда инсонлар бир-бирларига насиҳат қилганда ёки маслаҳат берганда сабр ва мулойимлик билан гапиришга одатланишлари лозимлигини ҳам эслатамиз. Шунда насиҳатнинг қабул бўлиши осонлашади.
Рўза пайтида мусулмонлар меҳнатдан бутунлай узилиб олмайдилар. Аммо шароитларини ибoдатларига мослаштирадилар.
Ўзбекистондан бориб, Кореяда ишлаётган одам рўза тутмаса бўладиган мусофир саналмайди. Чунки мусофир деганда узоқ масофани мўлжаллаб йўлда кетаётган одам тушунилади. Бунинг ёнига сафар давомида бирор манзилда бир неча кунга тўхтаган одам ҳам қўшилади. Бу тўхташ узоғи билан икки ҳафтага чўзилиши мумкин. Имом Термизийда келган Ибн Умардан бўлган саҳиҳ ривоятга кўра агар одам бир манзилда 15 кун туришни ният қилса, мусофирлик ҳукмидан чиқади ва Рамазон ойида рўза тутиш у учун фарзга айланади.
Иш шароити ёки меҳнат тури ниҳояда оғир бўлиб, шу ишда ишламаса бўлмайдиган, жуда қийин вазиятда қолган одамга бошқа кунларда тутиб бериш шарти билан рўзасини очишга рухсат этилади.
Аллоҳ таолодан бегона юртларда меҳнат қилаётган барча мусулмонларга куч-қувват ва тўғри йўл тилаймиз.
Источник: Islomovozi.com
Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташланг
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.
Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.