home  
Во имя Аллаха, Милостивого, Милосердного!
Клянусь предвечерним временем (или временем)! Воистину, каждый человек в убытке, кроме тех, которые уверовали, совершали праведные деяния, заповедали друг другу истину и заповедали друг другу терпение! Суры «аль-Аср»
Главная » Аудио » Хадис » Ҳадислар гулбоғи (болажонлар учун)

Ҳадислар гулбоғи (болажонлар учун)


Ота-оналар ва мураббийларга

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Маълумки, Ислом динимизнинг асосини ташкил қиладиган биринчи манба Қуръони карим бўлса, иккинчи асос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва суннатларидир. Ҳадислар Қуръони каримнинг шарҳи ва Ислом динимизнинг амалий дастури бўлиб хизмат қилади. Биз Қуръони каримга ва Исломга қандай амал қилишни Расулуллоҳнинг ҳадислари асосида ўрганамиз.

Ҳадислар ёшларимиз ва фарзандларимизнинг таълим ва тарбиясида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Расулуллоҳнинг сўзларида катталар ҳаётининг ҳам, болалар ҳаётининг ҳам барча қирраларига бевосита дахлдор қимматли насиҳат ва кўрсатмаларни топамиз. Шуларни ҳисобга олган ҳолда биз ота-оналар ва болаларга "Ҳадислар гулбоғи” номли тўпламни тақдим этаяпмиз. Бу иш учун Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту дуолар йўллаймиз.

Биз ушбу ҳадисларни танлаш ва тартиблашда аввало мазмунга, сўнг шаклга эътибор бердик. Мақсад - ҳадисларни ўрганиш ва уларни ёд олиш осон бўлсин. Шунинг учун тўпламга киритилган ҳадисларнинг матни қисқа ва ўқилиши енгилдир. Шу билан бир қаторда тўпламдаги ҳар битта ҳадис болалар тилида ва уларнинг тушунчасига мос равишда қисқа шарҳланган. Шарҳлар ўқувчиларнинг ҳадисларни ёд олиш билан бирга уларнинг мазмунини гапириб беришга ҳам ўргатади. Болаларимизнинг нутқини ўстиради.

Мазкур ҳадислар Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим каби мўътабар китоблардан териб олинган. Яна Абу Довуд, Термизий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадислардан ҳам фойдаланилган ва уларнинг саҳиҳлиги текширилган.

Ота-оналар ва мураббийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ўгитларини ўғил-қизларга ўргатиш ва ёдлатиш асносида иншоаллоҳ ўзлари ҳам ёдлаб олишлари мумкин.

Биз бу режани аслида бир неча йил аввал бошлаган ва болалар учун қирқ ҳадис тарзида чиқаришни ният қилган эдик. Аммо бу режамизни тўлиқ амалга оширишга ҳали эриша олмадик. Шундай бўлса ҳам орада яна ҳам кўп вақт ўтиб кетмасин, деб тайёр бўлган ҳадисларни оммага эълон қилишни лозим топдик. Биродарлар бу ишимизни муваффақият билан охирига етказишни Аллоҳдан сўраб дуо қиладилар, дея умид этиб қоламиз.

Ота-оналар ва мураббийларга   [00:03:16m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Сўз боши

  Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

СЎЗ БОШИ

Ассалому алайкум, қимматли болажонлар, азиз қизалоқлар! Бугун сизлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўрганишга киришамиз. Сизларни ҳадислар гулбоғига сайр қилишга таклиф этамиз.

Болалар, ҳадис деб нимага айтилади, биласизларми? Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларини ҳадис, дейилади. Яна саҳобалар пайғамбаримизнинг хулқу одоблари ҳақида ҳам жуда кўп ҳикоялар айтиб беришган. У зотнинг бажарган ишлари ҳақида ривоятлар қилишган. Ана ўша ҳикоя ва ривоятларга ҳам ҳадис, деб айтилади. Ҳадислар сиз билан бизга ҳар куни керак бўладиган муҳим қоидаларни ўз ичига олади. Биз сизлар билан биргаликда ўрганадиган ҳадисларни машҳур китоблардан олганмиз. Ёдлашингиз осон бўлиши учун фақат қисқа ҳадисларни танлаганмиз. Маъноларини яхши тушунинг, деб, кенгайтириб, шарҳлаб ҳам берганмиз. Шундай қилиб сизлар - Аллоҳнинг ёрдами билан - тез кунда жуда кўп ҳадисларни маънолари билан ёдлаб оласизлар. Кейин уларни ота-оналарингиз ва ўртоқларингизга айтиб берасизлар. Ҳадис ёдлашдан мусобақа қиласизлар. Ўқиган ҳадисларингизга доимо амал қилиб юрасизлар. Шунда албатта бахтли ўғил-қизлар бўласизлар, иншоаллоҳ. Мана энди ҳадислар гулзорига марҳамат қилинглар!

СЎЗ БОШИ   [00:01:57m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Биринчи ҳадис: Жаннат калити бўлган калима

Биринчи ҳадис

Жаннат калити бўлган калима

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

مَنْ شَهِدَ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ للهِ

 مُخْلِصًا مِنْ قَلْبِهِ، دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ والْبَيْهَقِيُّ.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки "Аллоҳдан бошқа ҳеч бир худо йўқМуҳаммад - Аллоҳнинг элчиси!” -деб чин қалбдан гувоҳлик берсажаннатга киради"(Табароний ва Байҳақий ривоятлари).

* * *

Азиз болалар! Бу ҳадис бизга учта нарса ҳақида хабар бермоқда:

1. Ҳақиқий Худо фақат Аллоҳ таолодир.

2. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бу оламга юборган элчисидирлар.

3. Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирган одам албатта жаннатга киради.

* * *

Болалар, Худо деб, нимага айтилади, биласизларми? Худо (ёки Илоҳ) деб одамлар ибодат қиладиган Зотга айтилади.

Ибодат нима дегани? Аллоҳ яхши кўрадиган ишни Аллоҳ айтгандек қилиб бажаришни ибодат, деб айтилади. Дуо, рукуъ, сажда, намоз, қурбонлик, садақа, ҳаж каби ишлар ибодатга мисолдир. Қадимда адашган одамлар билмасдан ҳар хил нарсаларга ибодат қилганлар. Аммо иймон келтирган ва илм олган одамлар эса якка Аллоҳга ибодат қилганлар. 

Биз яхши биламизки, бу олам ва ундаги ҳамма нарсани Аллоҳ яратган. Бизни ҳам Аллоҳ яратган. Демак, борлиқнинг ва одамларнинг Худоси якка Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч бир худо йўқ. Ундан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодатни фақат Унга қилиш лозим.

* * *

Аллоҳ одамларга тўғри йўлни кўрсатиш ва яхши ишларни ўргатиш учун пайғамбарлар юборган. Пайғамбарни Расулуллоҳ, деб айтилади. Расулуллоҳ Аллоҳнинг элчиси дегани бўлади. Аллоҳ юборган элчиларнинг энг охиргиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида энг ақлли киши бўлганлар. Аллоҳ Ўзининг буйруқларини одамларга Муҳаммад алайҳиссалом орқали юборган. У зот инсонларга ҳамма яхшиликларни ўргатганлар. Ҳалқни жамики ёмонликдан қайтарганлар.

* * *

Аллоҳ одамларни Ўзига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришга буюрган. Иймон келтириш ишониш дегани.

Ақлли ва яхши одам албатта Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтиради. Иймон келтирган одам чин қалбидан "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб айтади. Кимки Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирса, у якка Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилади. Расулуллоҳнинг буйруқларини доимо бажариб юради. Бундай инсон дунёда бахт-саодат билан умр кечиради. Охиратда албатта жаннатга киради.

* * *

Хулосалар:

1. Ибодат қилинишга лойиқ зот Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай худо йўқ. Биз Аллоҳга иймон келтирамиз ва фақат Унга ибодат қиламиз.

2. Аллоҳ бизга ҳамма яхшиликларни Муҳаммад алайҳиссалом орқали ўргатган. Биз Расулуллоҳга иймон келтирамиз ва итоат қиламиз.

3. Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирган одам албатта жаннатга киради.

 Биринчи ҳадис: Жаннат калити бўлган калима   [00:06:40m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Иккинчи ҳадис: Ота-онадан ҳам меҳрибон инсон

Иккинчи ҳадис

Ота-онадан ҳам меҳрибон инсон

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

لا يُؤْمِنُ أََحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ.

رَوَاهُ النَّسَائِي.

Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизларнинг ҳеч бирингиз то мен унга боласидан ҳам, отасидан ҳам, жамики одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”.  (Насоий ривоятлари).

* * *

Дунёда ота-онадан ҳам меҳрибон инсон бўладими? Ҳа бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар учун ота-онадан ҳам кўра меҳрибонроқ бўлганлар.

Ота-онамиз бизни боқиб катта қиладилар, тарбиялайдилар. Зарарли нарсалардан ҳимоя қиладилар. Бизга яхши нарсаларни олиб келадилар. Шунинг учун биз ота-онамизни жуда яхши кўрамиз. Аммо яхшироқ ўйлаб қарасак, Расулуллоҳ бизга ота-онамиздан ҳам кўпроқ яхшилик қилган эканлар. Қандай қилиб? Мана эшитинг.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Ислом динини ўргатганлар. Ота-оналарга ўз болаларига яхшилик қилишни буюрганлар. Ота-онамиз Расулуллоҳнинг сўзларини ва Ислом қоидаларини билиб олишгани учун бизга доимо яхшиликлар қилишаяпти. Агар Расулуллоҳ бўлмаганларида ота-онамиз Исломни билмаган бўлардилар. Бизга ҳам кўп яхшилик қила олмас эдилар. Ана кўрдингизми? Яхшиям Расулуллоҳ бўлган эканлар-a!? Шунинг учун биз энг аввал Расулуллоҳни, кейин ота-онамизни яхши кўрамиз.

Расулуллоҳ ҳамма одамларни бахтли ҳаёт йўлига бошлаганлар. Одамлар турмушини осон қиладиган ишларни буюрганлар. Дунёдаги ёмонликлардан сақланиш йўлларини ўргатганлар. Қиёмат куни бўладиган азоблардан қандай қутулиш мумкинлигини айтиб берганлар. Бизни ҳам, ота-онамизни ҳам жаннатга киришимиз учун жуда кўп ишларни қилиб кетганлар.

Ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг дуоларини олишни ҳам бизга Расулуллоҳ ўргатганлар. Агар Пайғамбаримиз бўлмаганларида биз ота-онамизни ва катталарни қандай ҳурмат қилишни била олмас эдик.

* * *

Сиз агар ҳаётга қарасангиз, бир нарсани аниқ кўрасиз: Расулуллоҳнинг сўзларини эшитмаган болалар ота-оналарини яхши ҳурмат қила олмаяптилар. Расулуллоҳнинг ҳадисларини эшитмаган ота-оналар ҳам ўз болаларига кўп яхшилик қила олмаяптилар. Болаларига Ислом динини ўргатмаяптилар.

Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қилаётган ота-оналар эса ўз ўғил-қизларига Қуръон ва ҳадисларни ўргатаяптилар. Болаларининг бахтли бўлиши учун ҳамма ишларни қилаяптилар. Шунинг учун биз Муҳаммад алайҳиссаломни ота-онамиздан ҳам кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Ота-онамиз ҳам аввал пайғамбаримизни, кейин бизни яхши кўришади.

Кимки бу дунёда Расулуллоҳни қаттиқ яхши кўриб қолса, бахтли инсонга айланади. Вафот этгандан сўнг албатта жаннатга киради ва у ерда Расулуллоҳ билан бирга бўлади.

* * *

Хулосалар:

  • 1. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли тўғри йўлни топадилар, ёмон ишлардан сақланадилар.
  • 2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларга ҳаммадан кўра кўпроқ меҳрибондирлар.
  • 3. Ҳар битта бола Расулуллоҳни ота-онасидан ҳам кўпроқ яхши кўриши керак.
Иккинчи ҳадис: Ота-онадан ҳам меҳрибон инсон   [00:07:34m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Учинчи ҳадис: Расулуллоҳнинг айтганларини бажарамиз

Учинчи ҳадис

Расулуллоҳнинг айтганларини бажарамиз

عَنْ أَبيِ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

ما أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَة.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мен сизларга нимани буюрган бўлсам, бас ўшани олинглар, сизларни нимадан қайтарган бўлсам, бас ундан қайтинглар”. (Ибн Можа ривоятлари).

* * *

Биз ўтган ҳадислардан биламизки, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ер юзига элчи қилиб юборди. У кишига Ислом динини ўргатди ва бу динни одамларга етказишни буюрди. Пайғамбаримиз Аллоҳнинг буйруғини тўлиқ бажардилар. Аллоҳнинг дини Ислом қандай бўлса, уни ўшандоғича халққа етказдилар. Исломдан бирон нарсани камайтирмадилар. Ёки унга ўзларидан бирон нарса қўшмадилар.

Пайғамбаримиз бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша ишни Аллоҳ буюрган бўлади. Аллоҳ буюрган ишни фарз дейилади. Фарзни бажарган одамга савоб, бажармаганга гуноҳ ёзилади. Шунинг учун Пайғамбаримиз: "Мен сизларга нимани буюрсам, бас ўшани қилинглар”, деб айтдилар.  Расулуллоҳ бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша иш албатта фойдали бўлади. У иш бизнинг кўнглимизга ёқмаса ҳам қилаверишимиз керак.

Расулуллоҳ бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишдан Аллоҳ ҳам қайтарган бўлади. Аллоҳ ва Расулуллоҳ қайтарган ишни ҳаром деб айтилади. Ҳаром иш жуда ҳам зарарли бўлади. Ким ҳаром ишни қилса, гуноҳга ботади. Шу сабабли Расулуллоҳ: "Мен сизларни нимадан қайтарсам, бас ўшандан тўхтанглар”, деганлар. Пайғамбар алайҳиссалом бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишни ташлашимиз шарт. Агар ўша нарса бизнинг нафсимизга ёқиб турган бўлса ҳам уни қилмаймиз. Чунки пайғамбаримиз қайтарган ишларнинг ҳаммаси зарарлидир. 

* * *

Исломда Аллоҳнинг буйруқларидан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўриб қилган кўпгина ишлар ҳам бор. Ундай ишларни суннат, деб айтилади. Аллоҳ Расулуллоҳнинг суннатларини жуда яхши кўради. Суннат амалларни қилганларга ҳам кўп мукофотлар беради.

* * *

Ҳамма биладики, шайтон - одамларнинг душмани. У болаларга зарарли ишларни ўргатади. Одамларни ҳаром ишларни қилишга қизиқтиради. Фойдали йўллардан қайтаради. Шайтон эркагу аёлни алдаб, дўзахга олиб кетишга ҳаракат қилади. Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қилмасликка буюради. Аммо яхши одамлар ва ақлли болалар шайтоннинг айтганини қилмайдилар. Кимнинг айтганларини қиладилар? Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қиладилар.

Бу дунёда Расулуллоҳни яхши кўрган, у кишига итоат қилган инсон бахтли инсондир.

Расулуллоҳнинг айтганларини қилмаган одам эса гуноҳкор бўлади. Унинг умри бахтсизлик билан ўтади. Қиёмат куни қаттиқ азобга қолади. 

Биз Пайғамбаримизнинг айтганларини бажаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун у кишининг ҳадисларини ўқиб ўрганамиз.

* * *

Хулосалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша ишни Аллоҳ буюрган. Расулуллоҳ бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишдан Аллоҳ қайтарган.

2. Аллоҳ ва Расулуллоҳ буюрган ишларнинг ҳаммаси фойдали, улар қайтарган ишларнинг ҳаммаси зарарлидир.

3. Расулуллоҳнинг айтганларини қилган одамни Аллоҳ жаннатга киритади. Пайғамбаримизнинг сўзларини рад этган одамни дўзахга ташлайди.

Учинчи ҳадис: Расулуллоҳнинг айтганларини бажарамиз   [00:07:11m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Тўртинчи ҳадис: Энг яхши бола - Қуръон ўқийдиган бола!

Тўртинчи ҳадис

Энг яхши бола  Қуръон ўқийдиган бола!

عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي.

Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганларингиздир”. (Бухорий ривоятлари).

* * *

Азиз болажонлар! Қуръони карим - Аллоҳ таолонинг каломи (сўзи). У муқаддас китоб. Қуръони каримни Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осмондан тушурган. Аллоҳ Расулуллоҳга Қуръонни ҳамма одамларга етказишни буюрган.

Одамлар ёзган китобларда хатолар учрайди. Аммо Аллоҳнинг китобида биронта ҳам хато бўлмайди. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсани олдиндан биладиган Зотдир. У билмайдиган ҳеч нарса йўқ. Аллоҳ айтган сўзларнинг ҳаммаси тўғри бўлиб чиқади.

* * *

Қуръони каримда нималар ёзилган? Қуръони каримда одамлар аввало Аллоҳга иймон келтириб, фақат Унга ибодат қилишлари кераклиги ёзилган. Қуръон Расулуллоҳнинг айтганларини бажаришга, ота-онани рози қилишга, қариндошлар билан яхши алоқада бўлишга чақиради. Дунёда яшаётган одамларга яхшилик қилиш ҳам Қуръоннинг буйруғи.

Энг яхши ахлоқ ва одоб қоидалари Қуръондан келиб чиққан. Шунинг учун Қуръонни ўқиб, унга амал қиладиган болалар энг яхши болалар бўладилар.

* * *

Бу олам қаердан пайдо бўлган? Табиат қонунлари қандай амал қилади? Одам қандай яратилган? Биздан аввал қанақа халқлар ва пайғамбарлар яшаганлар? Қадимда нима воқеалар содир бўлган? Келажакда қандай ҳодисалар рўй беради? Бу дунёда қандай ҳаёт кечириш керак? Бу саволларнинг ҳаммасига Қуръонда жавоб берилган. Яна кимда қандай савол бўлса, ҳаммасига Қуръондан жавоб топилади. Билишни хоҳлаган одам албатта Қуръонни ўқийди.

Аллоҳнинг китоби ҳамма зарур илмларни ўзида жамлаган. Барча китоблардаги фойдали илмлар Қуръоннинг маъноларидан олинган бўлади. Шу сабабли Қуръонни "Китобларнинг онаси”, деб айтилади. Ислом динини ва ҳаётни яхши билмоқчи бўлган одам Қуръонни чуқур ўрганиши лозим.

* * *

Болалар, Қуръондан энг биринчи тушурилган сўз нима, биласизларми? Қуръондан энг биринчи тушурилган сўз "Иқраъ!” бўлган. "Иқраъ” "ўқи!” дегани. Қуръони карим мусулмонларни китоб ўқишга буюрган.

Ким Қуръонни кўп ўқиб-ўрганса, илми ошиб, иймони кучайиб боради. Ақли чархланиб, тажрибаси ортаверади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатган одамларни мақтаганлар.

Қуръон тиловат қилинадиган уйга Аллоҳнинг нури ёғилиб туради. Фаришталар у уйга ҳар куни бир неча марта келиб кетадилар. Шу уйда яшайдиган одамларга ёрдам берадилар ва дуо қиладилар.

Қуръон ўқийдиган боланинг савоблари кўпайиб, ишлари ҳам юришиб кетади. Уни Аллоҳ ҳам, фаришталар ҳам, мусулмонлар ҳам яхши кўрадилар.     

* * *

Хулосалар:

  1. Қуръони карим - Аллоҳ таолонинг сўзи. Уни Аллоҳ осмондан Жаброил алайҳиссалом орқали Расулуллоҳга тушурган ва ҳамма одамларга етказишни буюрган. 
  2. Қуръон инсонларга бахтли ҳаёт йўлини кўрсатади ва келажакда бўладиган ишлар хақида хабар беради.
  3. Ҳамма фойдали илмлар Қуръондан бошланади. Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатган, унга амал қилган болалар энг яхши болалар бўладилар.
Тўртинчи ҳадис: Энг яхши бола - Қуръон ўқийдиган бола!   [00:06:49m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Бешинчи ҳадис: Илм олиш – ҳар бир боланинг вазифаси

Бешинчи ҳадис

Илм олиш ҳар бир боланинг вазифаси

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:
طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَة.

Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:"Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”.  (Ибн Можа ривоятлари).

 * * *

Қадрли болалар, ўқиш-ёзишни ўрганиш, илмли бўлиш сизлар жуда ҳам муҳим иш. Нима учун, биласизларми? Мана ҳозир айтиб берамиз.

Илм олишнинг фойдалари ниҳоятда кўп. Айтган билан тугамайди. Аммо биз ҳозир илмнинг фойдаларидан фақат учтасини санаб ўтамиз, холос.

1. Илм олишга киришган бола Аллоҳ ва Пайғамбарни яхшироқ таний бошлайди. Уларнинг сўзларини бошқалардан кўра кўпроқ тушунади. Шунда яхшилик билан ёмонликнинг фарқини тўғри ажратадиган бўлади.

2. Илмли бола Қуръон ва ҳадисларда айтилган қиссаларни ўзи ўқийверади. Ҳамма биладики, болалар ажойиб қиссаларни эшитишни ва гапиришни яхши кўрадилар. У қиссалардан кўп фойда оладилар.

3. Исломий ва дунёвий билимлар ўқувчининг иймони ва ақлини ўстиради. Илмли бола ҳамма учун керакли инсонга айланади. Тез кунда иншоаллоҳ, устозларига ўхшаб, болаларга дарс бериши ҳам мумкин.

Эҳҳе, гапирсам, гап кўп. Илм олишнинг қандай яхши иш эканини иншоаллоҳ яқинда ўзинглар кўрасизлар. Шунинг учун яхшиси тезроқ дарс олишга бошлай қолинглар. Қуръонни равон ўқий оладиган, кўпгина сураларни ёддан биладиган бўлинглар. Суралар ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилинглар. Шунда ҳалоллик ва тўғриликка амал қиладиган бўласизлар.

* * *

Болалар, сизлар дунёвий фанларни ҳам яхшироқ ўрганишингиз керак. Чунки дунё илмларидан бехабар одам Исломга ҳам, ўзига фойда келтира олмайди. Бошқаларга юк бўлиб қолади. Замондан орқада қолиб кетади.

Аллоҳ ва Пайғамбаримиз буюрган илмлар икки хил бўлади. Биринчиси Ислом билимлари. Бунга тавҳид, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ахлоқ каби илмлар киради.

Иккинчиси ҳаёт учун фойдали дунёвий илмлар. Булар математика, тиббиёт, жуғрофия ва бошқалардан иборат. Мусулмонлардан турли хил касб-ҳунарларнинг устаси бўлиш ҳам талаб қилинади. Улар техника соҳасида ҳам илғор бўлишлари керак.

* * *

Энди дарс олишга қизиқмайдиган кимса ҳақида ҳам икки оғиз гапирайлик. Илм олмайдиган одамни саводсиз, жоҳил, дейилади. Жоҳиллик энг ёмон ишлардан бири. Ўқиш-ёзишни билмайдиган бола кўпгина яхшиликлардан қолиб кетади. Ўзига зарар келтирадиган ишларни қилиб қўяди.

Жоҳил одам Аллоҳга ҳам тўғри иймон келтира олмайди. Исломни тушунмайди. Ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай гуноҳ ишларни қилиб қўяди. Илмсизлиги туфайли одамларга зулм ўтказади. Уни ҳамма  ёмон кўради. Бундай одам дунёда жуда қийналиб кетади. Яхши ҳаётга эриша олмайди. Ўлгандан кейин дўзахга тушади. Илмсизликдан Аллоҳ таоло сизларни ҳам, бизни ҳам Ўзи арасин.

* * *

Меҳрибон пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бизнинг бахтли бўлишимизни истайдилар. Адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишимизни ҳеч хоҳламайдилар. Шунинг учун у зот бизни илм олишга буюрганлар.

Исломни тўғри тушунган кўпгина ота-оналар Расулуллоҳнинг буйруқларига амал қиладилар. Ўз болаларига ёшликдан бошлаб, иймон ва Исломдан таълим бера бошлайдилар. Ўқиш-ёзишни, ибодат қилишни ўргатадилар. Фарзандлари учун замонавий ўқув қуроллари ва китобларни олиб берадилар. Пул тўлаб бўлса ҳам уйларига ўқитувчи таклиф қиладилар. Бу жуда ҳам ибратли ва яхши одат. Бундай ҳаракатлар қисқа вақт ичида яхши натижалар беради. Биламиз, ичингизда аллақачон Қуръондан анча ёдлаб олган, араб ва инглиз тилларида гапирадиган бўлиб қолган болалар бор. Энди иншоаллоҳ, бундан буёғида ана шундай аълочи болалар кўпайиши керак.

* * *

Хулосалар:

  1.  Мусулмон болалар дарс олишни яхши кўрадиган, доимо ўз илмларини ошириб борадиган ақлли ёшлар бўлишади.
  2.  Илм олиш Аллоҳни танишдан, ўқиш-ёзишни машқ қилишдан ва ибодатни ўрганишдан бошланади. Сўнг дарслар икки хил йўналишда давом этади: исломий ва дунёвий.
  3.  Ҳар битта бола ва ҳар бир қиз ёшлигидан бошлаб илм олишга бошлаши керак.
Бешинчи ҳадис: Илм олиш – ҳар бир боланинг вазифаси   [00:07:50m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Олтинчи ҳадис: Энг афзал амал нима?

Олтинчи ҳадис

Энг афзал амал нима?

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:
أَفْضَلُ الأَعْمَالِ الصَّلاةُ لِوَقْتِهَا وَ بِرُّ الْوَالِدَيْنِ 
رَوَاهُ مُسْلِم.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Амалларнинг афзали намозни ўз вақтида ўқиш ва ота-онага яхшилик қилишдир”. (Муслим ривоятлари).

***

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Исломдаги энг афзал амал ҳақида хабар бердилар. Исломдаги амалларнинг ҳаммаси ҳам яхши ва фойдалидир. Аммо уларнинг ичида баъзиларини энг яхши, деб айтилади. Демак, Исломдаги иккита энг яхши амалнинг бири намозни ўз вақтида ўқиш экан. Нима учун? Чунки намоз Ислом динидаги бешта асосий фарзнинг иккинчиси саналади. Инсон энг биринчи "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб иймон келтириши керак. Шундан кейин покланиб, намоз ўқишга бошлаши лозим. Бўлмаса унинг иймони ҳақиқий бўлмайди. Аллоҳ таоло иймон келтирган одамларни бир кунда беш маҳал намоз ўқишга буюрган.

Намоз ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Масалан, намоз ўқийдиган боланинг кийимлари доимо озода, баданлари тоза бўлади. Бундай бола ёмон ишлардан узоқ юради. Чунки намоз инсонни ҳамма гуноҳлардан қайтаради. Намоз ўқийдиган одам яхши биладики, агар гуноҳ ишларни қилса, Аллоҳ уни яхши кўрмайди ва намозини ҳам қабул қилмайди. Шунинг учун намоз ўқийдиган одам зарарли ва уят ишлардан сақланади. Билмасдан нотўғри ишларни қилиб юрган бўлса ҳам намоз ўқишни бошлагандан кейин фақат савобли амалларни қиладиган бўлади.

***

Намознинг фойдаларидан яна бири шуки, у инсонга вақтни эслатиб туради. Намоз ўқийдиган одам вақтга эътибор беришга бошлайди. Чунки Аллоҳ бизга намозни ўз вақтида ўқишни буюрган.

Вақт - жуда ҳам қимматли неъмат. Вақт бизнинг умримиздир. Уни бефойда ўтказмаслик керак.

Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳамма ишларни ўз вақтида бажаришни буюрган. Шулар қаторида намозни ҳам вақтида ўқишни тайинлаган. Намозни вақтидан кечиктириб бўлмайди. Энг буюк Зот - Аллоҳ буюрган ишни ўз вақтида бажариш ҳақиқатан ҳам энг яхши амал бўлади.

Намоз ўқиш Аллоҳ билан сўзлашишдир. Иймонли инсон Аллоҳ билан сўзлашишни яхши кўради. Шунинг учун у намоз вақти бўлиши биланоқ ҳамма ишини тўхтатиб, намозга киришади. Намозни ўз вақтида бажо қиладиган одам бошқа ишларни ҳам вақтида бажаришга ўрганади.

Баъзи болалар намоз пайти бўлганда дангасалик қилиб қоладилар. Азон айтилса ҳам ўйнаб ўтираверадилар. Бу яхши одат эмас. Ақлли бола эса намоз вақти яқинлашганини ўзи билади. Биров айтмаса ҳам таҳорат қилиб, тайёргарлик кўришга бошлайди. Ҳаммамиз ана шундай боладан ибрат олишимиз керак.

***

Болалар, энг яхши амаллардан яна бири ота-онанинг хизматларида бўлиш ва уларнинг дуоларини олишдир. Бу ҳақда иншоаллоҳ, кейинги ҳадисларда тўхталамиз.

***

Хулосалар: 
1. Исломда Аллоҳ буюрган яхши ишлар жуда кўп. Энг яхши амал намозни ўз вақтида ўқиш ва ота-онага яхшилик қилишдир.

2. Намозни ўз вақтида ўқиш кишининг иймони ва ақли кучли эканига далил бўлади.

3. Намозни кечиктирмай ўқиб юрадиган одамнинг дунё ва Охиратдаги ишлари ўнгидан келади. Бундай одам бошқа ишларни хам ўз вақтида бажарадиган бўлади.

 Олтинчи ҳадис: Энг афзал амал нима?   [00:06:27m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Еттинчи ҳадис: Ота рози – Худо рози

Еттинчи ҳадис

Ота рози  - Худо рози

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍورَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

رِضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ. رَوَاهُ الترمذي.

Абуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:"Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”. Термизий ривоятлари.

* * *

Маълумки, ҳамма яхшиликлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан келади. Шундай экан, инсон яхши нарсаларга етиш учун Аллоҳни рози қилиши керак. Аллоҳни рози қилиш учун Унинг буйруқларини бажариш лозим. Аллоҳнинг буйруқларидан бири ота- онани рози қилишдир.

Ҳаммамиз биламизки, боланинг дунёга келишига сабабчи бўлган одам ота билан онадир. Демак, ота бўлмаса, бола ҳам бўлмайди. (Она ҳақида алоҳида гапирамиз).

Нима учун Расулуллоҳ бу ҳадисда хоссатан отанинг розилиги ҳақида гапирдилар? Бунинг сабаби шуки, отанинг ҳурмати ҳамманикидан юқори туради. Чунки ота оилада раҳбар саналади. У меҳнат қилиб, аёлини ва болаларини боқади. Ёмонликлар ва зарарлар йўлини тўсиб туради.

Аллоҳ таоло отанинг қалбини болага меҳрибон қилиб қўйган. Ота ўз фарзандининг бахтли бўлиши учун кўп ҳаракат қилади. Кучини ва пулларини сарфлаб, боласини ўқитади. Уни иймонли қилиб табиялайди. Боласига фойдали ишларни ва ҳунарларни ўргатади.

* * *

Шунча яхшиликларга сабабчи бўлган отани яхши кўрмаса тўғри бўладими?! Йўқ! Мусулмон бола ўз отасини жуда-жуда яхши кўриши керак. Отаси хурсанд бўладиган чиройли сўзларни гапириши, у рози бўладиган ишларни қилиши лозим. Агар бола отасининг айтганларини ўз вақтида бажариб борса, ақлли ва илмли бўлиб ўсади. Отаси у боланинг ҳақига дуолар қилади. Аллоҳ ҳам у боладан рози бўлади. Аллоҳ қайси инсондан рози бўлар экан, унга ҳамма яхшиликларни юборади. У инсон жуда кўп ютуқларни қўлга киритади.

Расулуллоҳ яна: "Ота жаннат эшикларининг ўртасидир”, деганлар. Бу сўз отасини рози қилган бола жаннатга киради, дегани бўлади. Шунинг учун ўзбекларда "Ота рози  - Худо рози”, деган мақол бор.

Яхши бола катта бўлган пайда ёшлик чоғларини эслайди. Ота-онасининг қилган яхшиликларини унутмайди. Ўзи меҳнат қилиб, ҳалол пуллар топади. Отасини ҳам, онасини ҳам боқади. Уларга ҳадялар бериб, кўнгилларини кўтариб юради.

* * *

Баъзан шунақа бола ҳам бўладики, ота-онасининг айтганларига унча қулоқ солмайди. Улардан сўрамасдан ўзи билганича иш қилаверади. Дарс қилмай, бефойда ўйинлар ўйнаб юради. Бунақада ота ўз боласидан хафа бўлиб қолади. Агар фарзанд отасини ҳадеб хафа қилаверса, ундан Аллоҳ ҳам ғазабланади. Кимдан Аллоҳ ғазабланиб қолса, унинг ишлари орқага кетади. Аллоҳнинг ғазабидан ҳаммамиз қўрқамиз. Чунки Аллоҳ ғазаб қилса, бало юбориши мумкин. Аллоҳнинг ғазабини келтириб қўйишдан Ўзи асрасин.

Аллоҳнинг ғазабини келтирмаслик учун нима қилишимиз лозим? Отамизни ҳеч хафа қилмаслигимиз керак. Ота-онага қаттиқ овоз билан гапириш, уларнинг гапларини қайтариш - гуноҳ. Ота-онанинг олдида "уҳ” тортиш асло мумкин эмас. Кимки билмасдан уларни хафа қилиб қўйса, дарҳол кечирим сўраб олсин. Истиғфор айтиб, Аллоҳга тавба қилсин.

Ота-онадан кечирим сўраганда уларнинг кўзларига тик қарамасдан ерга қараб турилади. Улар насиҳат қилишса, жим туриб эшитилади ва "Хўп бўлади!” деб жавоб қайтарилади.

Хулосалар:

  1. Ота бўлмаса бола ҳам бўлмас эди. Аллоҳ таоло отани оилага раҳбар қилиб қўйган. Ота кўп яхшиликларга сабабчи бўлади.
  2. Мусулмон бола (қиз) отаси ва онаси рози бўладиган ишларни қилади. Агар ота (она) боладан рози бўлса, у боладан Аллоҳ ҳам рози бўлади.
  3. Агар фарзанд ота-онасини хафа қилиб қўйса, дарҳол кечирим сўраши зарур. Акс ҳолда ундай инсондан Аллоҳ норози бўлади.
Еттинчи ҳадис: Ота рози – Худо рози   [00:07:13m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Саккизинчи ҳадис: Жаннат онанинг оёқлари остидадир

Саккизинчи ҳадис

Жаннат онанинг оёқлари остидадир

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِِ جَاهِمَة رَضِيَ اللهُ عَنْه: قَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم :فَالْزَمْهَا فَإِنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ رِجْلَيْهَا. رَوَاهُ النَّسَائِىُّ.

Муовия ибн Жоҳима разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бас онанг билан бирга бўл, чунки жаннат унинг икки оёғи остидадир”. Насоий ривоятлари.

Саккизинчи ҳадис: Жаннат онанинг оёқлари остидадир   [00:07:11m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Источник: islomovozi.com

Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташлаш

Чтобы скачать файл на свой компьютер, нажмите правой кнопкой мышки по ссылке Скачать и выберете "Сохранить объект как..."
Если Вы нашли ошибку на сайте, отправьте, пожалуйста, сообщение модератору.
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.

Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.
Categories: Хадис / Date: 15/12/2012
Comments