home  
Во имя Аллаха, Милостивого, Милосердного!
Клянусь предвечерним временем (или временем)! Воистину, каждый человек в убытке, кроме тех, которые уверовали, совершали праведные деяния, заповедали друг другу истину и заповедали друг другу терпение! Суры «аль-Аср»
Главная » Статьи » ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди

ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди

Исломий ақида сояси остидаги ҳаёт

Дарҳақиқат, барча ҳамду сано Аллоҳ таолога хосдир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам ва истиғфор сўраймиз, Унинг ўзига тавба қиламиз. Биз Аллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ва ножўя амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштиргувчи, адаштирган кимсани эса ҳидоят қилгувчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани, мулку-салтанат ва ҳамду санонинг барчаси Унинг ўзига хос экани ва У барча нарсага қодир зот эканига гувоҳлик бераман. Бу гувоҳлик Унинг бандаси, бандасининг фарзанди, аёл бандаси фарзандининг ва Аллоҳнинг раҳматидан бир лаҳза ҳам эҳтиёжсиз бўла олмайдиган кишининг гувоҳлигидир.

Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ у зотни бутун оламларга раҳмат бўлиши учун пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло у зот сабаб (ҳақни қабул қилиши учун) қалбларни очди, ақлларни нурафшон қилди, сўқир кўзлар, кар қулоқлар ва ёпиқ қалбларни очди. У зотга, оилалари, асҳоблари ва эзгуликла уларга эргашган кишиларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салавот ва саломлари бўлсин.

"Эй иймон келтирган бандалар, Аллоҳдан ҳақиқий тақво қилингиз ва фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина жон таслим қилингиз (яъни, мусулмон бўлган ҳолда жон таслим қилишга элтувчи амалларни мудом қилиб борингиз)” [Оли Имрон: 102].

"Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, бу бир жондан унинг жуфтини яратган ва улар иккисидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. (Унинг номини ўртага қўйиб) ўзаро бир-бирингиздан (эҳтиёжингизни) сўрагувчи Аллоҳдан ва қариндошчилик (ришталарини ўзиб қўйиш)дан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ сизларни устингиздан кузатиб тургувчи зотдир”. [Нисо: 1].

"Эй иймон келтирган бандалар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва тўғри сўз сўзлангиз. (Ана ўшанда Аллоҳ) сизларнинг амалларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилажак. Кимики Аллоҳ ва Расулига итоат қилса, шубҳасиз, у катта ютуқ ва муваффақиятга эришгай”[Аҳзоб: 70-71].

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ:

Аллоҳ таолодан барчамизни шу дунёда "Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси ҳукмрони остида жамламоғи, дунёдаги сўнг сўзимизни ҳам "Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси қилмоғи, сўнгра яна бир бор чексиз қудрат ва мулку-салтанат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг ҳузуридаги барча қулайликлари муҳайё қилинган ўриндиқда – жаннатлар ва анҳорлар роҳат-фароғатидаги абадий ҳаётда жамламоғини сўрайман.

Мен сизларни Аллоҳ йўлида яхши кўришимга Унинг ўзини гувоҳ қиламан. Эҳтимол буни ўзингиз ҳам пайқаб тургандирсиз. Зеро, баъзан юзу-кўз дилдаги нарсани ифода этади.

Суҳбатдоши дўстми ёки бир душман, 
Суҳбатдош кўзидан кўнгил илғайди. 
Нималар "сотмади” менга кўзларинг, 
Кўзларингсиз буни билиб бўлмайди.

Эй Аллоҳ, Сен учун ва Сенинг йўлингда жамланган жамоатни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сен ҳақингда хабар берадиган тилларни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сен билан учрашишга муштоқ қалбларни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сенинг юзингга боқиш лаззатини умид қилган кўзларни азобламагин. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Раҳматинг бирлан сўрайман.

Биродарларим бу кечада мени таклиф қилар эканлар, мен тўғримда яхши гумон қилибдилар. Мен ҳам бу таклифга рози бўлиб келдим. Ҳолбуки, бу кеча мен бирла уларнинг ҳолати, гуёки Макка аҳлига замзам сувини сотган, ёки Мадина аҳлига хурмо сотган, ёхуд Жидда аҳлига балиқ сотган кишининг ҳолатига ўхшайди. Бироқ, Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдан мени сизлар ўйлагандан ҳам яхшироқ қилишини, менинг сизлар билмаган ишларимни мағфират қилишини ва сизлар мен тўғримда айтаётган мақтовлар боис мени гуноҳкор қилмасини сўраб қоламан.

Эй Қуръон, оятлар нозил қилган Зот, 
Фурқон ҳурматийла сўрайман Сендан, 
Дилимни оч, зора билгум ҳидоят, 
У бирла сақлагин қалбим шайтондан. 
Ишларим қил осон, ўта ҳожатим
Жаҳаннам ўтидан сақла жасадим
Ниятим қил холис, гуноҳларим тўк
Белимга бергин куч, ўнглагин ҳолим
Тамаю ҳирсни кес, юксалсин ҳиммат
Тақвомни кўпайтир, жонлансин юрак
Сен мени яратган, бахш этган сурат
Иймонга бошлаган, ҳам берган нусрат
Қўлим меҳнатисиз ва на дўконсиз
Едирган, ичирган Ўзингсан фақат
Сенсан инъом этган, берган панагоҳ
Ҳайрат гирдобидан қутқарган Сенсан
Мен учун қалбларни қилган хайрихоҳ
Меҳр –шафқат, раҳм кўрсатган Сенсан
Менга халқ ичида ёйдинг обрў, шаън
Нигоҳлардан тўсдинг мендаги исён
Қасамки,билсалар ички ҳолатим
Салом ҳам бермайди менга бир инсон
Юз ўгирар мендан, ҳамсуҳбат бўлмас
Юз тутгум хорликка, ҳурмат ҳам кетгай
Лек тўсдинг айбларим ва нуқсонларим
Яширдинг хатомни ва туғёнларим
Қалбим, аъзоларим ва тилим бирла
Сенга бахшида барча мақтовларим

Ҳаёт менга шундай ўргатди.

Эй азизлар, бу ўргатадиган ҳаёт қайси ҳаёт? Сабоқ берадиган, тарбиялайдиган ҳаёт қандай ҳаёт?

Бу ҳаёт ўйин-кулги ҳаётими? Бу ҳаёт беҳуда ва ўйинқароқ ҳаётми? Бу ҳаёт зое кетган дарбадар ҳаётми?

Осмонларни устунларсиз кўтарган Зотга қасамки бундай эмас!

Бу ҳаёт "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" дир.

Бу ҳаёт сизни борлиқ билан мулоқотга киришадиган килиб қўйган ҳаётдир. Сизни борлиқ ҳақида мулоҳаза юритишга ва тафаккур қилишга ундайдиган ҳаётдир:

Нақадар яхшидир ҳақ йўлда ҳаёт Ноҳақсан саодат сенга эрур ёт

Бу ҳақиқий ҳаётдир. Ислом ҳукмрони остидаги ҳаёт. Ўргатадиган, тарбиялайдиган ва сабоқ берадиган ҳаёт.

Ҳидоят ва нур устига қурилган ҳаёт. Шод-хуррамлик, роҳат-фароғат ва сурурбахш ҳаёт. Бу ҳаёт оғушида яшаган киши нурга чўмган ва нур узра ҳаёт кечиради. Нур устида оламни тарк этиб, нур ила Аллоҳга йўлиқади. Сирот кўпригидан ўтар экан нур унга ҳамроҳлик қилади. "Нур устига нур. Аллоҳ хоҳлаган кимсани Ўзининг нурига ҳидоят қилади” [Нур: 35].

Қиёмат куни келиб, мўъминлар ва мунофиқлар ўртасида нурлар тақсимланиб, Сирот кўпригига қадам қўйилар экан, чин дилдан йиғлаган кишилар билан ўзини йиғлаганга солган кишилар ажралиб қоладилар. Ўшанда мунофиқларнинг нурлари сўниб, кўзлари кўрмай, қоронғуликларда қолиб кетадилар. Мунофиқлар мўъминларга қарата нидо қиладилар: "У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар) нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат—жаннат, ташқарисида – олдида эса азоб — дўзах бўлур. Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда)сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар) , лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) келгунича сизларни(ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомҳаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдаувчи (шайтон) алдаб қўйди». Мана Бугун сизлардан ҳам, (эй мунофиқлар) , кофир бўлган кимсалардан ҳам (дўзах азобидан қутулишларингиз учун) бирон тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларга энг муносиб жойдир! Нақадар ёмон оқибат (бу)!” [Ҳадид: 13-15].

Бундай оғир лаҳзаларда мўъминлар нурлари сабаб Сирот кўпригидан ўтиб оладилар: "Мўмин ва мўминаларнинг (Сирот узра) олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амалларига қараб ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг) ! (Ўша Кунда уларга дейилур):«Сизлар учун Бугунги хушхабар — остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!»” [Ҳадид: 12]. Мўъминлар Раҳмоннинг ҳузуридаги, тақводор бандалар учун ҳозирлаб қўйилган, эни осмонлар ва ерга тенг келадиган жаннатдан бошқасига рози бўлмайдилар: "Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!” [Оли Имрон: 133]. Улар иккиси тенг бўладиларми? Йўқ, асло тенг бўлмас! "”[Фотир: 19-22].

Ақлли бир киши бирлан эси паст, Қасамки, иккиси сира тенг келмас. 
Бириси ҳақ йўлда қилган ҳаракат, Бошқасин оғушига олган зулумат. 

Улар ҳеч қачон тенг келмаслар.

Аллоҳ йўлидаги азиз биродарлар, "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" ниҳоятда катта мактабдир. Бу ҳаётда қалби уйғоқ, ёхуд диққат билан қулоқ тутган кишилар учун ибрат ва панд насиҳатлар бор.

Бу кеча сизларга "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга таълим берган баъзи сабоқларни сизларнинг эътиборингизга тақдим қилмоқчиман. Бу ҳаёт ислом умматидан бўлган қалби уйғоқ ҳар бир кишига таълим беражак, шубҳасиз.

Аллоҳ таолодан барчамизга манфаатли илм, солиҳ амал, ўткир тафаккур, зийрак онг ва ибрат насиб қилишини, Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз сояси ила бизга соя қилишини сўрайман.

Эй Аллоҳ, Сен осон қилган нарсадан бошқа осон нарса йўқ ва Сен хоҳласанг қийинни енгил қилувчи Зотсан.

Аллоҳни яккалаш рисолатлар таянч нуқтасидир

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" шуни менга таълим бердики, Аллоҳни яккалаш – бу самовий рисолатлар ва инсон ҳаётининг чинакам таянч нуқтаси экан. Инсон қачон Парвардигорини ўз ҳаётининг таянч нуқтаси қилиб, жасадидаги ҳар бир зарра, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сукунат ва нафасини оламлар Парвардигори Аллоҳга сиғинтирар экан, ўшанда инсоннинг қиймати юзага чиқади.

Унинг ўқиган намози, сўйган қурбони, ҳаёти ва мамоти Аллоҳ учундир. Бу борада унинг шиори:"Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир.” [Анъом: 162-163].

Шу йўсинда инсон ва у яшаб турган борлиқнинг йўналиши бирлашади. Зеро, борлиқнинг барчаси Аллоҳга итоат этувчи, Унинг салтанатига бўйсунувчи ва Аллоҳга ҳамд бирла тасбеҳ айтувчидир.

Агар бу банда исёнкорлик қилса, итоат, бўйсуниш ва хокисорлик ила ёлғиз Аллоҳ сари йўналаётган бу бепоён коинотда ёлғизланиб қолади. Оқибатда, бутун коинот бир йўналишдаю, у бўлса қарама-қарши йўналишда бўлиб қолади. "Ким кофир бўлса, куфрининг зиёни ўзигадир”[Рум: 44].

Биздан ўзга Аллоҳнинг махлуқотлари сон-саноқсиздир. Уларни ёлғиз Яратган зот билур. Эй банда, Аллоҳга итоат қилмоғинг ўзингга фойда, Унга осий бўлмоғинг ўзингга зиён. Асло буни Аллоҳга зиёни йўқдир.

"Саҳиҳи Муслим” асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: "Аллоҳ таоло дейди: "Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси ўзларингиздан бўлган бир энг қалби тақводор кишидек бўлсалар, бу нарса Менинг мулку-салтанатимда ҳеч нарсани зиёда қилмайди.

Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси ўзларингиздан бўлган энг қалби бузуқ кишидек бўлсалар, бу нарса Менинг мулку-салтанатимдан ҳеч нарсани камайтирмайди.

Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси бир мадонда йиғилиб Мендан (ўз ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берсам, бу нарса Менинг мулкимдан гуёки игна денгизга ботирилса унинг сувидан қанчалик камайтирса шунчалик камайтиради, холос (яъни, ҳеч нарса камайтирмайди).

Эй бандаларим! Бу сизларнинг амалларингиз, Мен уларни сизлар учун ҳисоб-китоб қилиб, сўнгра шунга кўра тўла-тўкис мукофот, ё жазосини берурман. Ўшанда кимики амалларининг яхшилигини кўрса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимики ундан бошқача эканини кўрса, у ҳолда фақат ўзини маломат қилсин”.

Агар қолсанг умрингда бир кун хилватда, 
Демагин: "Холи қолдим”, Рақийб тепангда. 
Зинҳор ўйлама: " Шу он Раҳмон ғафлатда”, 
Яширганинг Аллоҳга сирмас албатта. 

Тавҳид – бошланиш нуқтадир

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни таълим бердики, Оллоҳни ёлғизлаш – бу мусулмон киши ва уммат ҳаётидаги бошланиш нуқтадир. Айни чоғда, у мусулмон киши ва уммат ҳаётидаги сўнг нуқта ҳамдир.

Кимда ким тавҳидда адашса унинг дунё ва охирати куяди ва бу кимса қалби идрок қилмайдиган, кўзи кўрмайдиган ва қулоғи эшитмайдиган уйидаги эшагиданда адашганроқ бўлиб қолади. Бундай кимса инсон қиёфасидаги ҳайвон ҳисобланиб, унинг турмуши ночор, Оллоҳ унинг қилган саъй-ҳаракатларини қабул қилмайди ва гуноҳларини кечирмайди: "Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.” [Нисо: 48].

"Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир.” [Ҳаж: 31].

"Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.” [Моида:72]. Оллоҳ таолодан дўзахдан паноҳ беришини сўраймиз.

Буни акси ўлароқ, кимда ким Оллоҳни тавҳидини рўёбга чиқарса, бундай киши дунё ва охиратда муваффақият қозонади ва саодатга эришади. Оқибатда, Оллоҳ таоло унинг оз бўлсада қилган саъй-ҳаракатини қабул қилиб, катта мукофотлар ато этади, гуноҳларини мағфират қилади ва унинг тижорати асло зиён кўрмайди. Оллоҳ таоло шундай дейди: "Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур.” [Каҳф: 107].

Азиз соясида изла фақат қадр-қиммат,
Оллоҳ хорлар ким бандасига қилса ибодат.

Яралар малҳами - тақдирга иймон келтиришдир

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, жароҳатлар малҳами –тақдирга иймон келтирмоқдир. Мўъмин кишининг ҳаёти ажабланарли: унинг ҳамма ишларининг оқибати яхшиликдир. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, оқибатда, унга яхшилик бўлади. Агар унинг бошига мусибат тушса сабр қилади, оқибатда унга яхшилик бўлади. Мўъмин киши ўз бошига тушган нарса рўй бермай иложи йўқлигини, эриша олмай қолган ишлари эса унга сира насиб қилмаслигини яхши билади. Бордию бутун уммат йиғилиб унга бирон манфаат келтирмоқчи бўлсалар, улар бор йўғи Оллоҳ таоло тақдирда битган нарсанигина манфаат келтирурлар. Шунингдек, бутун уммат йиғилиб унга бирон зиён еткизмоқчи бўлсалар ҳам, фақат Оллоҳ таоло тақдири азалийда битган нарсанигина зиён келтирурлар.

Мўъмин киши ҳаётдан рози бўлиб яшайди, оқибатда Оллоҳ ҳам ундан рози бўлади. У дунё ва охиратида саодатли ҳаёт кечиради, қалби хотиржам, руҳи сокин яшайди. У доимо роҳат-фароғатда, ҳа у яшаётган бу ҳаётни тасвирлашдан тил ожиз.

Даҳшатли маҳшаргоҳда, инсонлар қиёмат аросатида турар эканлар Оллоҳ таоло барча халойиқлар ичидан бир жамоат кишиларга қараб: "Ҳисоб-китобсиз жаннатга кираверинглар”- дейди. Шунда улар: "Эй Раббимиз, эй Хожамиз, қолган барча халойиқни ҳисоб-китоб қилиб нега бизни тарк қилдинг?”- дейдилар. Оллоҳ таоло дейди: "Дарҳақиқат, сизларни дунёда ҳисоб-китоб қилдим. Иззатим ва Улуғворлигимга қасамки, сизларга икки бор мусибатни раво кўрмасман, жаннатга кираверинглар”. Ўшанда маҳшаргоҳ аҳли бу жамоат эришган нарса уларга ҳам насиб қилиши учун таналари темир қайчиларла қийма-қийма қилинишини орзу қиладилар.

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Оллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: "Мўъмин бандамнинг дунё аҳлидан бўлмиш сайланмаси – суйган кишисининг жонини олсам ва у бунга сабр қилиб Мендан ажр-савоб умид қилса, бу бандам учун Менинг ҳузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқ”. Нақадар яхши мукофот! Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсалар!

Бошқа бир ҳадиси қудсийда Оллоҳ таоло Ўзи яхши билсада фаришталарига шундай дейди: "Мўъмин бандам фарзандининг жонини олдингизми? Унинг жигаргўшасининг жонини олдингизми?”. Фаришталар: "Ҳа”- дейдилар. Оллоҳ таоло Ўзи яхши билсада фаришталардан: "Бандам нима деди?”,- деб сўрайди. Фаришталар: "(Банданг) Сенга ҳамду-сано айтиб, инсониятни Сен яратганлигинг ва улар яна Сенинг ҳузурингга қайтишлигини ёд қилди”, - дейдилар. Шунда Оллоҳ таоло: "Бу бандамга атаб жаннатда бир уй қуринглар ва уни "Ҳамд уйи” деб атанглар”-дейди”.

"Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева - чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: « Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир.”[Бақара: 155-157].

Қўй, кунлар истаганинин қилаверсин,
Рози бўл, агар ҳукм қилса қисмат.
Ўткинчи дунёнинг ўзгаришлари,
Мусибат кулфатдан қилма шикоят.
Кимки ҳовлисига тушса гар ўлим,
На замин, ва на осмон қилур шафоат.

Одамлар Ҳорун ибн Язид роҳимаҳуллоҳ олдидан ўтибдилар. Бу вақтда унинг кўзлари кўр бўлиб қолган эди. Унинг кўзлари ниҳоятда чиройли бўлиб, замонасида камдан кам кишиларда бундай чиройли кўз учратиш мумкин эди. Кўзлари ожиз Ҳорундан сўрашибди: "Эй Ҳорун, чиройли кўзларингизга нима бўлди?”. Ҳорун: "Саҳар вақтларида йиғлаш кўзларимни кўр қилиб қўйди, мен кўзларимни йўқотганимга сабр қилиб, бунинг эвазига Ёлғиз ва Мағфиратли Оллоҳдан ажр-савоб умид қиламан”, - деб жавоб берибди.

Дарҳақиқат, тақдирга иймон келтириш башариятга инъом этилган буюк неъмат, яраларга малҳам, хотиржамликдан иборат қуюқ бир соя, мислсиз сукунат ва осойишталик, ёвузликлардан тўсиқ, амалга тарғиб қилувчи, сабр ва ризога ундовчидир. Сабрнинг таъми аччиқ бўлсада, унинг оқибати, натижаси тотлидир. Сабр қилдим, зеро, шириндир сабр оқибати, Тенг келмас унга оғиздаги болнинг лаззати.

"Сенга манфаатли бўлган ишга зўр бериб интил (Оллоҳ сенга қисмат қилиб берган нарсага рози бўл), Оллоҳдан ёрдам сўра, ожизлик қилма. Агар сенга бирон мусибат етса: "Агар мен ундоқ қилганимда, мана бундоқ, бўлар эди”, - дема, аксинча: "Оллоҳ тақдир қилган экан, Оллоҳ нимани хоҳлаган бўлса шуни қилди”, - дегин”.

Менга насиб қилмаганин эришолмам
Фойда бермас афсус, кошки, эх аттанг ҳам

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсон ўзгаларга қандай муомалада бўлса, Оллоҳ унга ҳам худди шундай муомалани бошига солар экан. Инсон экканини ўрар ва қилмиш қидирмиш экан. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас экан:

Бугун йиғган нарсанг - кеча экканинг
Ахир, қайтар дунё, дейдилар буни
Эзгулик экканлар эзгулик йиғар
Ёвузлик экканга ёвузлик келар
Ким экмай, ўзганин ўрганин кўрса
Уруғ экмаганга надомат келар

Айтишларича бир кишининг бир қули бўлиб, унинг даласида ишлар экан. Хўжайин қулига қарата: "Мана бу парча ерга буғдой эк”- дебди-ю, қулни ўз ҳолига ташлаб ўзи кетибди. Унинг қули жуда доно ва ақлли экан. Қул ерга буғдой ўрнига арпа экибди. Хўжайин арпа униб – ўсиб, пишиб етилиб, ўриш вақти келгачгина далага келибди. Қараса қули ерга буғдой ўрнига арпа экибди. Хўжайин қулига қараб: "Мен сенга буғдой эк дегандим, сен нега арпа экдинг?” - дебди. Шунда қул: "Мен арпадан буғдой чиқишини умид қилдим”-деб жавоб берибди. Хўжаси: "Ў, ахмоқ! Нега арпадан буғдой униб чиқишини умид қиласан, ахир!” - дея асабийлашибди. Шунда қули: "Эй хўжайин! Сиз Оллоҳга осий бўлиб, Ундан раҳматини умид қиласизми? Оллоҳга осий бўлиб Ундан жаннатини умид қиласизми?”- дебди. Бу гапдан таъсирланган хўжайин қўрқиб даҳшатга тушибди, яқин кунларда Оллоҳнинг ҳузурига боришини эслабди. Шундан сўнг хўжайин қулига қараб: "Оллоҳга тавба қилдим, Унинг ўзига қайтдим. Оллоҳ учун сени озод қилдим”- дебди.

Инсон экканини ўрар ва қилмиш қидирмиш экан. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас экан:"Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.” [Наҳл: 97].

Бир кишининг ёши бир жойга етган кекса отаси бор экан. Узоқ вақт отасини ювиб тараб парвариш қилган ўғил охир-оқибат отасидан малолланиб безор бўлибди. Кунлардан бирида кекса отасини уловга миндириб саҳрога олиб чиқибди. Отаси ажабланиб ўғлидан сўрабди: "Ўғлим мени бу ерга нега олиб келдинг?”. "Сизни сўймоқчиман”- дебди ўғил. Ла илаҳа иллаллоҳ! Ўғил ўз отасини сўймоқчи-я! Ота ўғлига: "Яхшиликнинг мукофоти шуми, эй ўғлим?”- дебди. "Сўймасам бўлмайди, мени роса зериктириб, безор қилиб юбордингиз”- дебди ўғил. "Ундай бўлса, мени анави ҳарсангтошнинг олдида сўй”- дебди ота. Шунда ўғил: "Эй ота, сизга нима фарқи бор, ахир, бу ерда сўйдим нима-ю, у ерда сўйдим нима?”- дебди. "Модомики жазо инсон қилмишига муносиб бўлар экан, у ҳолда мени анави ҳарсангтош олдида сўй, мен ҳам отамни ўша ерда сўйган эдим. Эй ўғлим, сенга ҳам шу нарса насиб қилса ажаб эмас. Зеро, жазо ёки мукофот кишининг қилган ишига қараб бўлур. Бошқаларга қандай муомала қилсанг, сенга ҳам шундай муомала қилинур. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас”-дебди отаси.

Ақида бу - мислсиз куч

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, ақида – бу мислсиз куч экан. Унга ер юзидаги ҳар қандай моддий инсоний куч бас кела олмайди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мисол билан сўзимиз янада ойдинлашади.

Муъта жангида қалблари ақидага тўлиб тошган уч минг кишидан иборат мусулмонлар қўшини икки юз минг кишилик қўшинга қарши чиқдилар. Мусулмонлардан бири шундай ҳикоя қилади: "Оллоҳга қасамки, биз душманга қарши сон-саноғимиз ва қурол -яроғ билан қарши чиқмадик, балки уларга қарши мана бу ДИН билан жанг қилдик”. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан сўрангчи, қўлида қанча қилич синди экан? Бу саволга Холид жавоб бериб шундай дейди: "Қўлимда тўққизта қилич синиб кетди”. Холиддан сўрангчи, кофирларни урар экан, унинг кучли зарбасига бардош бериб қўлида нима чидаб берди экан? Холид бунга жавобан қўлида яманий қиличгина бардош берганини ҳикоя қилади.

Икки юз минг кишилик душман қўшини биргаликда ҳамла қилиш учун уч минг кишилик мусулмонлар қўшини сари ёпирилиб келаётган пайтдаги Холиднинг ҳолига бир назар солинг. Ўша кунда айрим мусулмонлар душманнинг сон-саноқсиз қўшинини кўргач, Холидга қарата: "Эй Холид, қаёққа қочамиз, қаерга бош урамиз энди? Салмо тоғигами ёки Ажо тоғигами?”- деганида Холиднинг кўзларига ёш келди ва ўзини мағрур тутиб: "Салмо тоғигаям, Ажо тоғигаям эмас, балки Оллоҳга бош урамиз, Унга илтижо қиламиз!”-деган эди. Оқибатда, мусулмонлар Унга илтижо қилган Оллоҳ таоло уларга нусрат ва ғалаба берди.

Парвардигорингизга қасам, айтингчи, бу Холид ибн Валидда жўш ўрган куч жисмоний қувватмиди? Устунларсиз осмонни кўтариб қўйган Оллоҳга қасамки, ундоқ эмас! Бу қувват ақида қуввати эди ва унинг ўзи етарлидир:

Кишилар қалбида ўрнашган ақида,
Атому, минг кескир қиличдан афзал.

Нисбатан анча кейинги асрларда яшаб ўтган Салоҳиддин роҳимаҳуллоҳга бир назар солинг. Ўша даврда Салибчилар қўлида асир бўлган Масжидул Ақсо тилидан унга шикоят хати келади. Мактубда шундай дейилади:

Эй хочлар рамзини йўқ қилган подшоҳ!
Қуддусдан юбордим сенга шикоят;
Жамики масжидлар озода, эй воҳ!
Менчи мен: остонам тўла нажосат.

Мактубни ўқиган Салоҳиддинда ақидасига бўлган ғурур жунбушга келади. Бас келиб бўлмайдиган катта қўшин билан Байтул Мақдис сари отланади. Бундан илгари мусулмонлар ҳимматини чархлайди, қўшин ичида кулиш, ҳазил-мутойибани ман қилади. Ўша пайтда Салибчилар қўлида тутқун бўлган Масжидул Ақсони қайтиб олиш учун умматни тайёрлайди. Шундан сўнггина қўшин тортиб ҳужумга ўтади. Салибчилар шавкатини синдириб, Ақсони мусулмонлар ҳукмронлигига қайтаради.

Хўш, азизлар, Салоҳиддиндан кейин нима юз берди?

Салоҳиддиндан кейин бир мунча вақт ўтмай, кўпчилик мусулмонлар Салоҳиддин тушунчасидан воз кечишгач, Салибчилар яна қайтадан Ақсони босиб олдилар. Улар Салоҳиддиннинг қабрига боришиб, уни оёқлари билан тепкилашиб: "Мана биз қайтдик, эй Салоҳиддин! Мана биз қайтдик, эй Салоҳиддин” - дедилар. Устига устак: "Муҳаммад ўлди ва ортидан қизлар қолдирди”- дея хиргойи ҳам қилар эдилар.

Азизлар, ҳозирги кундаги ҳолимиз қандай?

У ёқда бўлаётган ишлардан жигарлар тилка-пора бўлади. Масжидул Ақсо гуёки ислом умматига хитоб қилаётгандек: "Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми? Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми?”. Бироқ, бу нидони эшитадиган на қулоқлар ва на унга жавоб берадиган юраклар бор:

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси



Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташланг

Если Вы нашли ошибку на сайте, отправьте, пожалуйста, сообщение модератору.
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.

Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.
Categories: Статьи / Date: 29/11/2013
Comments 0