Рўзадорлар йўл қўядиган айрим хатолар
Рўзадорлар йўл қўядиган айрим хатолар
Муслим ибн Абдуллоҳ тайёрлаган
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, тақводорлар пешвоси бўлмиш пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд: Ушбу мухтасар рисола Рамазон ойида биродарларимиз йўл қўядиган айрим хатоларни тузатиш мақсадида ёзилди. Бу арзимас хизматимизни Аллоҳ таоло Ўз даргоҳида қабул айлаб, уни барчамиз учун хайрли этсин! Омин!
1. Айрим мусулмонлар бу ойни ҳаддан ташқари кўп егулик ғамлаш билан кутиб олади. Биродарлар, Рамазон озиқ-овқат жамғарадиган маишат ойи эмас, аксинча топган-тутганингизни фақир-бечоралар билан баҳам кўриб, имкон қадар кўпроқ тоат-ибодат ва хайрли амаллар қилиб, Аллоҳ ризосига етишмоқ ойидир.
2. Баъзилар саҳарликни тонг киришдан анча вақтли қилиб оладилар-да, кўп ажру савобдан қуруқ қолишади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб саҳарликни тонгга қадар кечиктирсак, кўп ажрга эга бўламиз.
3. Рамазон рўзасининг нияти кечқурун қилиниши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кечқурун (тунда) рўза ниятини қилмаган кишига рўза йўқдир!».[1]
«Тонг киришдан олдин рўза ниятини қилмаган киши учун рўза йўқ».[2]
Ниятни тил билан айтмоқ ҳам хатодир. Рўза тутувчи кечаси дилида эртанги кунда рўза тутишни ният қилиши керак. Яъни "эртага рўза тутаман" деб кўнглидан ўтказиши кифоядир.
Шайхулислом Ибн Таймийя айтади: «Ниятни тил билан айтишнинг вожиб эмаслиги билиттифоқ таъкидланган. Аксарият мусулмонлар (қалбдаги) ният билан рўза тутадилар ва уларнинг рўзалари саҳиҳ».
4. Бомдодга азон айтилаётган пайтда сув ёки чой ичиб олишни одат қилмоқ ҳам хатодир. Агар муаззин тонг киришини тўғри белгилаган бўлса, азон эшитилаётган пайтда сув ичмоқ рўзани бузиши мумкин.
Шайх Усаймин айтади: «Бомдод азони тонг киришидан олдин ёки кейин айтилади. Агар бомдод азони тонг кирганидан кейин айтилса, азон эшитилиши билан оғиз ёпилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Билол кечаси (яъни тонгдан олдин) азон айтади. Ибн Умми Мактумнинг азони эшитилгунгача еб-ичаверинглар. Чунки Ибн Умми Мактум тонг кирганидан сўнг азон айтади».
Агар сиз муаззиннинг тонг киргач азон айтишини билсангиз, азон эшитилиши билан оғзингизни ёпинг».
5. Рамазон кирганидан бехабар қолган киши «Энди барибир, улгурмадим» деб ўша куннинг қолган қисмида ҳам еб-ичиб юриши нотўғри. Мусулмон киши кечиккан бўлсада, ўша куннинг қолган қисмида еб-ичишдан тийилиши керак. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни Аслам қабиласидан бир кишини «Ким рўза бўлса, ниҳоясига етказсин. Кимда-ким еган бўлса, (кунининг қолганида ҳеч нарса) емасин!» деб жар солишга жўнатдилар».[3]
6. Мўминлар Рамазон ойини худди бошқа ойлардагидек бепарволик билан қарши олмасинлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон кирганида жаннат дарвозалари очиб қўйилади, жаҳаннам дарвозалари беркитилади ва шайтонлар кишанга солинади».
Рамазон фазли марҳамати хусусида ўнлаб саҳиҳ ҳадисларни келтириш мумкин.
7. Бугун Рамазоннинг биринчи кечаси эканлигини билиб туриб таровиҳ намозини ўқимаслик хатодир. Рамазон ҳилолини кўрган киши Рамазоннинг биринчи кечасига кирган ҳисобланади. Суннатга мувофиқ у масжидда жамоат билан таровиҳ намозини ўқиши керак.
8. Рамазонда унутиб еб-ичаётган кимсани дарҳол қайтариш керак.
Шайх Ибн Боз айтади: «Рамазон кундузида еб-ичиб ёки рўзани бузиб юборадиган бошқа ишларни қилиб юрган кимсани қайтариш лозим. Чунки рўза кунида у мункар амални қиляпти. Ҳатто узрли кишилар ҳам (ҳайз кўрган аёллар, беморлар..) бу ишни ошкор қилишдан тийилсинлар. Токи одамлар Рамазон кунида ҳаром бўлган амалларни қилиб, «унутиб қўйибмиз» деб баҳона қилмасинлар».
9. Баъзи ота-оналар қизларини ҳали ёшсан, деб рўзадан қайтарадилар. Бу нотўғри. Эҳтимол қизи ҳайз кўриш ёшига етгандир. Сиз аввал яхшилаб сўраб-суриштиринг.
Шайх Ибн Жибрийн айтади: «Кўп қизлар 10-11 ёшида ҳайз кўради. Ота-она эътибор бермасдан «Қизим ҳали кичкина» деб юриши нотўғри. Чунки ҳайз кўрган қиз балоғатга етган ҳисобланиб, мукаллаф бўлади».
10. Унутиб еб-ичиб қўйган киши рўзасининг саҳиҳлиги хусусида шубҳа қилиб, хижил бўлмасин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар қай бирингиз унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини камолига етказаверсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди».[4]
11. Рўзадор аёл ҳеч қандай хижилсиз хина қўйиши мумкин. Шайх Усаймин айтади: «Хина қўйиш, кўзга сурма қўйиш, қулоққа, кўзга дори томизиш каби амаллар рўзага ҳеч қандай зарар бермайди...».
12. Шайх Ибн Жибрийн айтади: «Овқатнинг тузини, таъмини билиш учун ундан озгина оғизга олиб сўнг туфлаб ташлаш рўзага зарар етказмайди. Фақат бир томчи ҳам ютиб юбормасин».
13. Рўза тутадиган кишининг рўзани бузадиган амалларни билмай юриши жуда катта хатодир. Киши рўзаси саҳиҳ бўлиши учун, Рамазондан аввал рўза ҳукмларини яхшилаб ўрганмоғи лозим.
14. Рамазон кундузида мисвок ишлатишнинг ҳеч қандай ҳаражи йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар умматимга оғир қилиб қўяман деб ўйламаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим».[5]
Бухорий ёзади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзани ажратиб кўрсатмадилар».
Шайх Ибн Усаймин айтади: «Мисвок ишлатиш билан рўза бузилмайди. Аксинча, бу рўзадор учун ҳам, бошқалар учун ҳам кун аввали ва охирида суннатдир».
15. Баъзи муаззинлар қуёшнинг ботгани билан кифояланмасдан, қоронғилик тушишини кутишади. Улар ўзларича мана шуниси эҳтиётлироқ деб билишади. Бироқ, бу суннатга хилоф. Суннатга биноан қуёш бутунлай ботгач, азон чақирилади ва бошқа нарса кутиб ўтирилмайди.
Шайхулислом Ибн Таймийя ёзади: «Қуёш бутунлай кўздан ғойиб бўлгач, рўзадор ифтор қилади. Уфқдаги қизилликка эътибор берилмайди».
16. Ифтор қилиб берган кишини дуо қилишни унутманг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилиб берган кишини шундай дуо қилардилар:
{أَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ وَ أَكَلَ طَعَامَكُمُ اْلأَبْرَارُ وَ صَلَّتْ عَلَيْكُمُ الْمَلاَئِكَةُ}.
«Уйингизда рўзадорлар ифтор қилсин. Таомингизни яхшилар есин. Сизларга фаришталар дуо қилсин!».[6]
{اَللَّهُمَّ أَطْعِمْ مَنْ أَطْعَمَنِي وَاسْقِ مَنْ سَقَانِي}.
«Парвардигоро, мени едириб-ичирганни Ўзинг едириб-ичиргин!».[7]
{اَللَّهُمَّ بَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ وَ اغْفِرْ لَهُمْ وَ ارْحَمْهُمْ}.
«Парвардигоро, уларга берган ризқингни баракотли қилгин, гуноҳларини кечиргин, раҳматингга олгин!».[8].[9]
17. Рамазон кечаларида эрлар жуфти ҳалоллари билан яқинлик қилишлари мумкин. Баъзилар билмаганликлари сабабли кечаси ҳам қўшилиш ҳаром деб ўйлайдилар.
«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди».[10]
18. Тонг киришидан олдин ҳайздан покланган аёл вақт тиғизлиги сабабли ғусл қила олмаса ҳам, рўза тутавериши керак. Унинг ғусл қила олмаслиги рўза тутмаслигига сабаб бўла олмайди.
19. Баъзилар намозларда қаттиқ овоз чиқариб йиғлайдилар. Албатта, Аллоҳ Каломидан мутаассир бўлиб кўз ёш тўкмоқ мақтовли хислат. Фақат бошқаларни чалғитмаслик ва эътибор қаратмасликка ҳаракат қилмоқ керак. Айрим кишиларнинг Қуръон оятларини эмас, қунут дуоларини эшитиб йиғлашлари ғалати ҳол.
20. Жунуб ҳолатида рўзага кирган кишининг сиқилиши, қазосини тутиб бераман дейиши ноўриндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолларида ҳам тонг оттирардилар, сўнг ғусл қилиб рўзаларида давом этардилар.
21. Айрим ҳижобли аёлларнинг кўчаларга, таровиҳ намозларига ясан-тусан қилиб, атир-упалар сепиб чиқишлари ва овозларини баралла кўтариб гапиришлари жуда катта хатодир. Муслималар, чин маънода мастура бўлингиз!
22. Баъзи рўзадорларнинг ухлаб қолиб, пешин ва аср намозларини ўз вақтларида ўқимасликлари ғоят номаъқул ишдир.
«Бас, намозларини унутиб қўядиган кимсалар бўлган намозхонларга ҳалокат бўлгай!».[11]
Аҳли илмлар «Улар намозларини вақтидан кечиктирадиган кишилардир» дейишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Энг яхши намоз қайси?»- деб сўради. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Яна бир ривоятда «Дастлабки вақтида ўқилган намоз» дейилган.
23. Вақт кирганлиги аниқ бўлиши билан тезда оғиз очмоқ лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар модомики ифторни тезлатар эканлар, яхшилик устида бўлаверадилар».
«Ифторни эртароқ (вақт кириши билан), саҳарликни эса кечроқ (тонг киргунга қадар)қилинглар».[12]
24. Муаззиннинг азони тугашини кутиб ўтирмоқ ҳам хатодир. Агар аниқ вақти кирган бўлса, азон эшитилиши билан оғиз очиш керак. Азон тугашини кутган киши ортиқча нарсани зиммасига олган бўлади.
25. Оғиз очиш олдидан Аллоҳга дуолар қилишни унутманг. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари ва унинг фазли улуғ. Зеро, дуоси қайтарилмайдиган кишиларнинг бири ифторни кутиб ўтирган рўзадордир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: ...рўзадорнинг дуоси то ифтор қилгунича...».[13]
26. Рамазоннинг охирги ўн кунлигини баъзи бировлар кийим-кечак танлаш, ҳайитдаги турли «маросим»ларга тайёрланиб, тухум, сарёғ қидириш билан ўтказадилар. Наҳотки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шуни ўргатган бўлсалар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда ўзларини ибодатга бағишлаб, белларини маҳкам боғлаб, тунлари бедор бўлиб, аҳли оилаларини ҳам Аллоҳ ибодати учун уйғотар эдилар.
27. Баъзи узрли беморларнинг рўза тутмасликдан ҳижолат чекиб, қийналса ҳам рўза тутиб юришлари нотўғридир. Ахир Аллоҳ таоло ундан ҳаражни кўтариб, рухсат бериб қўйган-ку!
«Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутилмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади».[14]
28. Рўзадорнинг фақат еб-ичиш билан машғул бўлиб, азонга жавоб бермаслиги ҳам тўғри эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Азон нидосини эшитсангиз, муаззиннинг сўзларини такрорлангиз!».[15]
Азонга жавоб бериб ўртада еб-ичиб турса ҳам бўлаверади.
29. Болаларни ёшлигидан рўза тутишга ўргатиб бориш зарур. Токи улар рўза тутишга кўниксинлар ва одат қилсинлар. Рубаййиъ бинти Муаввиз айтади:
«Болаларимизга ҳам рўза туттирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб берардик. Биронтаси овқат деб йиғлаб қолса, ифторгача ўйинчоқ бериб овутар эдик».[16]
30. Айримлар мусофир кишини рўза тутмагани учун ёмон кўради. Бу нотўғри. Мусофир ҳолатига қараб рўза тутиши ҳам, рўза тутмаслиги ҳам мумкин. Мусофир қуйидаги уч ҳолатнинг бирида бўлади:
а) Агар мусофирга рўза тутиш оғир бўлмаса, унинг рўза тутгани афзал.
«Агар биладиган бўлсангизлар, рўза тутишларингиз сизлар учун яхшироқдир».[17]
б) Мусофирга рўза тутиш оғир бўлса-ю, у рухсатдан фойдаланишни истамаса ҳам, унинг рўза тутмагани афзал.
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага мукаллаф этмас».[18]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло буйруқларининг олинишини хуш кўрганидек, рухсатларининг ҳам олинишини хуш кўради».[19]
«Сафардаги рўза яхшиликдан эмас».[20]
в) Агар машаққат тайин бўлмаса, рўза тутиш-тутмаслик мусофирнинг ихтиёри.
Ҳамза ибн Амр Асламий розияллоҳу анҳу кўп рўза тутиб юрарди. Шу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Сафарда рўза тутайинми?», деб сўради. «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламбилан сафар қилардик. Рўзадор рўза тутмаганни, рўза тутмаган киши рўзадорни айбламасди».[21]
31. Рўзадор бақириб-чақирмасдан, ножойиз сўзларни ишлатмасдан, оғир-вазмин бўлиб юрмоғи керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутса, нопок сўзларни ишлатмасин, бақириб-чақирмасин. Агар уни биров сўкса ёки ҳақорат қилса, «Мен рўзадорман», деб айтсин».[22]
Рўзани фақат еб-ичишдан тийилиш деб тушунмаслик керак. Рўза бу гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш, ёмон хулқлардан ва сўзлардан сақланиш ҳамдир.
32. Рўзадор Рамазоннинг қимматли кунларини ўйин-кулги, бемаъни кинолар ва бошқа кўнгилхушликлар билан зое қилмасин. Бу иймоннинг заифлашувига, ғанимат ойнинг улуғ ажр-савобларидан маҳрум бўлишига олиб боради. Наҳотки мўмин бағоят қимматли неъматни мана шундай хору хасга алмашса?! Рамазонни тоат-ибодат, Қуръон ўқиш, зикр, дуо, фойдали илм олиш, масжидларда ўтириш билан ўтказиб, мўл ажру савоб ҳосилини кўтармоқ лозим.
33. Айрим рўзадорлар сафарга чиқсалар ҳам, рўза тутмасликдан ҳижолат-ҳараж сезадилар. Бу хато фикр. Биз юқорида рухсатларнинг олиниши хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини келтириб ўтдик.
34. Кўпчилик Қуръонни фақат хатм қилиш мақсадида тадаббурсиз, қироат қоидаларига риоя қилмасдан шошиб-пишиб ўқишни одат қилган. Тағин улар ўзларини яхши иш қиляпмиз деб ўйлашмасин. Қуръон мана шу ойда нозил бўлди. Аллоҳ таоло пайғамбарига нима деб буюрганини биласизми?!
«Ва Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг».[23]
Қуръон оятларини тадуббур қилиб, шошилмасдан қироат қилиш вожибдир.
35. Айримлар имкониятлари бемалол бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари бўлган эътикофга эътибор бермайдилар. Эътикоф суннатини зое қилманг!
36. Рамазон кунларида соч олдириш, тирноқ олиш ёки ҳаром туклардан покланиш рўзага асло зарар бермайди. Ахир булар суннат амаллардан-ку!
37. Айримлар рўзаси бузилиб қолишидан қўрқиб тупукларини ютмасдан нуқул тупуриб юришади ва бу билан одамларга озор беришади. Тупук ҳатто кўп бўлса ҳам, рўзани бузмайди.
38. Рамазон кунларида қаттиқ иссиқдан қийналган бўлмаса, оғиз-бурунни чуқур чайқамоқ хатодир.
Шайх Ибн Усаймин айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳоратни яхшилаб олинг, бармоқларингиз орасини ҳилол қилинг. Бурнингизни яхшилаб чайинг. Фақат рўзадор бўлсангиз, бундай қилманг».
39. Нафас қисиш касалига дучор бўлган беморлар (астма касаллигига чалинганлар) астмапен ишлатишлари мумкин. Улар рўзалари бузилиб қолишидан қўрқмасинлар.
Шайх Ибн Усаймин айтади: «Астмапенни ишлатиш Рамазонда ҳам, бошқа пайт ҳам мумкин. Чунки у ошқозонга эмас, нафас йўлларига боради. Шундан кейин киши оддий нафас олади, у еб-ичишга кирмайди».
40. Рўзадор кўзига, қулоғига дори томизиши, соч-соқолини хина билан бўяши, кўзига сурма қўйиши мумкин. Саҳиҳ қавлга кўра бу амаллар рўзани бузмайди.
[1] Насоий ривояти.
[2] Доруқутний ва Байҳақий ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
[3] Бухорий ва Муслим ривояти.
[4] Бухорий ривояти.
[5] Муттафақан алайҳ.
[6] Саҳиҳул Жомеъус Сағир.
[7] Муслим ривояти.
[8] Муслим ривояти.
[9] «Мусулмоннинг қўрғони» китобидан.
[10] «Бақара»-187.
[11] «Маъун»- 4,5.
[12] Саҳиҳул Жомеъус Сағийр.
[13] Аҳмад ривояти.
[14] «Бақара»-185.
[15] Муттафақун алайҳ.
[16] Муттафақун алайҳ.
[17] «Бақара»-184.
[18] «Бақара»-286.
[19] Ибн Ҳиббон ва Табарий ривояти.
[20] Бухорий ва Муслим ривояти.
[21] Муттафақан алайҳ.
[22] Бухорий ва Муслим ривояти.
[23] «Муззаммил»-4.
Источник: Islamnuri.com
Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташлаш
Если Вы нашли ошибку на сайте, отправьте, пожалуйста, сообщение
модератору.
Сайтдан рекламани олиб ташлаш
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.
Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.