home  
Во имя Аллаха, Милостивого, Милосердного!
Клянусь предвечерним временем (или временем)! Воистину, каждый человек в убытке, кроме тех, которые уверовали, совершали праведные деяния, заповедали друг другу истину и заповедали друг другу терпение! Суры «аль-Аср»
Главная » Аудио » Фикх » Зулҳижжа (2)

Зулҳижжа (2)


Қурбонлик қилишни ният қилган одам учун нималар суннат?

Савол: Зулҳижжа ойига кимки қурбонлик қилса, сочини, соқолини ва тирноғини олиш мумкин эмас, деб эшитдим. Шунга маслаҳат берсангиз. Аллоҳим Расули акрам билан бирга Жаннати Фирдавсга киришимизни насиб қилсин, амин.

Сайфиддин.

Жавоб: Яхши тилакларингиз ҳаммамиз учун ҳам амалга ошсин, омин.

Дарҳақиқат қурбонлик қилишни ният қилган инсон учун соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилиш ҳақида ҳадис бор.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : ” إِذَا رَأَيْتُمْ هِلاَلَ ذِى الْحِجَّةِ وَأَرَادَ أَحَدُكُمْ أَنْ يُضَحِّىَ فَلْيُمْسِكْ عَنْ شَعْرِهِ وَأَظْفَارِهِ ". (رواه مسلم).

Умми Саламадан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:"Қачонки Зулҳижжанинг ҳилолини кўрсанглар ва сизлардан бирингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилсин”.(Муслим ривоятлари).

Фуқаҳоларнинг бу ҳадисга асосланган ҳолда чиқарган ҳукмларини Фиқҳий қомусда қуйидагича зикр этилган:

ذَهَبَ بَعْضُ الْحَنَابِلَةِ وَبَعْضُ الشَّافِعِيَّةِ : إِلَى أَنَّ مَنْ أَرَادَ أَنْ يُضَحِّيَ فَدَخَل الْعَشْرُ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ يَجِبُ عَلَيْهِ أَنْ يُمْسِكَ عَنْ قَصِّ الشَّعْرِ وَالأَْظْفَارِ ، وَهُوَ قَوْل إِسْحَاقَ وَسَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ . وَقَال الْحَنَفِيَّةُ ، وَالْمَالِكِيَّةُ ، وَهُوَ قَوْل بَعْضِ الشَّافِعِيَّةِ وَالْحَنَابِلَةِ : يُسَنُّ لَهُ أَنْ يُمْسِكَ عَنْ قَصِّ الشَّعْرِ وَالأَْظْفَارِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية - 5 / 170).

Ҳанбалийлар ва шофеийларнинг баъзилари қурбонлик қилишни ният қилган одам Зулҳижжанинг ўн кунлиги кирса соч-соқоли ва тирноқларини кесишдан тийилиши вожиб бўлади, дейишди. Бу Исҳоқ ва Саид ибн Мусаййабнинг ҳам сўзидир.

Ҳанафийлар ва моликийлар эса (бу ҳанбалийлар ва шофеийлардан баъзиларнинг ҳам сўзлари) соч-соқол ва тирноқларни кесишдан тийилиш суннат бўлади, дейишган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийятул-кувайтийя - 5/170).

"Cайдул-фавоид” сайтида шайх Холид бин Сауд бу масалада бундай ёзган:

قال الخطابي: (وأجمعوا أنه لا يحرم عليه اللباس والطيب كما يحرمان على المحرم فدلَّ ذلك أنه على سبيل الندب والاستحباب, دون الحتم والإيجاب) …

 والقول بالكراهة قول وسط بين من يحرمه وهم قلة كأحمد وبين من يبيحه وهم أكثر الفقهاء كمالك وأبي حنيفة. وفيه توسعة على الخلق لا سيما من احتاج لذلك وشق عليه تركه …

فعلى هذا يكره للمضحي أخذ ظفره وشعره ولا يأثم بذلك لكن لا ينبغي له فعل ذلك إلا عند الحاجة اتباعا للحديث وآثار الصحابة.  (خالد بن سعود البليهد).

Хаттобий айтган: "Уламолар ижмоъ қилишганки, муҳрим одамга ҳаром қилинган либос, хушбўй унга ҳаром қилинмайди. Бу шунга далолат қиладики, у иш мақталадиган ва мустаҳаб амалдир - буюрилган ва вожиб қилинган эмас”.

Макруҳ, деган қавл ҳаром ва мубоҳ деганлар орасидаги ўрта сўздир. Ҳаром деганлар - улар озроқ - Аҳмад кабилар. Мубоҳ деган фуқаҳолар - улар кўпроқ -Молик ва Абу Ҳанифа кабилар. Мана шу сўзда халқ учун енгиллик бор. Хусусан, шунга муҳтож бўлган, тарк этиши қийин бўлган одамлар учун. Шунга кўра, қурбонлик қилувчи одам учун тирноқ ва соч-соқолини олиш макруҳ бўлади ва агар олса гуноҳкор бўлмайди. Локин муҳтож бўлмаса, бундай қилмаслик керак. Бу ҳадисга эргашиш ва саҳобаларнинг изларидан боришдир.

(saaid.net)

1432 йилнинг Зулҳижжа ойи бошланди

Дунёнинг бир қатор исломий ахборот воситалари муборак Зулҳижжа ойи бошлангани ҳақида хабарлар тарқатмоқдалар. "Ислом - бугун” Интернет саҳифасининг ёзишича, Саудия Арабистони Олий маҳкамаси эълон қиладики, 1432 ҳижрий йил 29 Зулқаъда пайшанба куни кечқурун мамлакатнинг бир неча муҳофазаларида Зулҳижжа ойининг ҳилоли кўрингани адл гувоҳлар томонларидан тасдиқланган. Бинобарин, 2011 мелодий йилнинг 28 октябр жума куни 1432 ҳижрий йил Ҳаж ойининг биринчи кунидир.

Олий маҳкама ҳожилар учун Арафотда туриш Зулҳижжанинг 9чиси шанба кунида бўлишига ишора қилди. Муборак Ийдул-Азҳо эса Зулҳижжанинг 10 куни 2011 йил, 6 ноябр якшанба кунидир.

Ислом Овози таҳририяти Аллоҳ таолодан бу муборак ўн кунликни барча Ислом аҳли учун баракотли ва хайрли қилишини сўраб, дуолар қилади.

Ҳажжи бадал қилишнинг қоидалари

Савол: Илтимос, ҳаж бадалнинг ҳукмларини айтиб берсангиз. Ҳаётдан кетганларга ҳаж бадал қилса бўладими? Қоидалари қандай? Савоб умид қилса бўладими бу амалга? 

Абу Умар.

Жавоб: Ҳажжи бадал дегани бировнинг номидан ҳаж қилишни англатади. Бу жоиз амал ва холис ният билан қилган одам учун иншоаллоҳ кўп савоблар ёзилади.

Бировнинг номидан ҳаж қилиш жоиз

Ибн Усаймин: "Бировнинг ўрнига ҳаж қилиш Суннатда келган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир аёл сўраган: "Аллоҳнинг ўз бандалари устидаги фарзларидан бири - ҳаж. Мен отамнинг эгар устида ўтиришга ярамайдиган ҳолатда эканини биламан. Унинг номидан ҳаж қилишим керакми? Расулуллоҳ "Ҳа” дедилар. Агар инсоннинг ҳаждан мақсади ҳақ олиш бўладиган бўлса, Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтганлар: "Кимки пул учун ҳаж қилса, бас Охиратда унга бирор насиба йўқдир. Аммо кимки, ҳаж қилиш учун пул олса, бунинг зарари йўқ”. Демак, бировнинг ўрнига ҳаж қилишни ният қилган одам ҳаж учун олган молидан ҳаж учун фойдаланишни ният қилиши лозим. Шу билан бирга биродарининг ҳожатини чиқаришни ҳам ният қилади…” (Ибн Усаймин, Лиқоотил бобил мафтуҳ 89, 6 савол).

Ҳар қандай одамнинг номидан ҳаж қилинмайди

Тани жони соғ одам ҳажжи бадал қилдириши мумкин эмас. Камбағал одамдан ҳам ҳажжи бадал дуруст бўлмайди. Чунки унга хаж фарз бўлмаган.

"Ўзининг зиммасидаги ҳаж фарзини адо этган мусулмоннинг бошқа бировнинг номидан ҳаж қилиши жоиздир. Аммо бунинг шарти шуки, хажга бора олмаган одам жуда қартайиб қолган кекса ёки тузалиши умид қилинмайдиган касал ё эса вафот бўлган одам бўлади. Аммо унинг номидан ҳаж қилинадиган одам ўткинчи сабабларга кўра бора олмай турган бўлса, масалан, у тузалиши мумкин бўлган касал ёки сиёсий узри бор ё эса йўл нотинчлиги учун бора олмай турган одам бўлса, унинг номидан ҳаж қилиш мумкин эмас”. (Фатволар қўмитаси - 11/51).

Ҳажжи бадалнинг савоби кимга бўлади?

"Ҳаж маросимларига тааллуқли барча амалларнинг савоби вакил қилган одамники бўлади. Аммо ҳаж амалларидан ташқари ишлар: Ҳарамда намоз савобининг кўпайтириб берилиши, қўшимча ихтиёрий тавоф, Қуръон тиловатининг ажрлари ҳаж қилган одамники бўлади, вакил қилган одамники эмас”. (Ибн Усаймин, Аз-Зиёул-Ломиъ - 2/478).

"Кимки бировнинг номидан хоҳ ҳақ эвазига, хоҳ холисан лиллоҳ ҳаж ёки умра қилса, ҳаж ва умранинг савоби кимнинг номидан қилинган бўлса ўшанга бўлади. Ҳаж қилган одам учун ҳам ихлоси ва яхшиликка бўлган муҳаббатига яраша улкан ажр ёзилиши умид этилади. Масжидул-Ҳаромга етишган ва у ерда нафл ибодатларни, Аллоҳга яқинлаштирувчи турли амалларни кўп қилган ҳар бир одам - агар амалини Аллоҳ учун, деб холис адо этса - жуда кўп яхшиликка эришади, деб умид этилади”. (Фатволар бўйича доимий қўмита, Фатволар тўпмлами 11/77, 78).

Имом Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ: "Довуд дедилар: "Мен Саид бин Мусайябдан сўрадим: "Эй Абу Муҳаммад, қайси бирига ажр бўлади: ҳаж қилувчигами ёки унинг номидан ҳаж қилинган одамгами?” Саид дедилар: "Аллоҳ таолонинг марҳамати уларнинг ҳар иккисига ҳам етиб ортади”. Ибн Ҳазм: "Саид раҳмимаҳуллоҳ тўғри айтган”. (Ал-маҳаллий 7/61).

Тирик ҳайвонни килолаб савдо қилиш мумкинми?

Савол: Қурбонлик учун қўй сотиб олмоқчи эдим. Қўйнинг эгаси килолаб сотишини айтди. Одатда қўй-молларни килолаб эмас, доналаб олди-сотди қилинар эди. Тирик ҳайвонни килолаб сотиш мумкинми?

Б.

Жавоб: Дарҳақиқат, ҳайвонларни қадимдан доналаб савдо қилиб келинган. Аммо ҳозирда жойларда килолаб сотиш одат бўлган. Бу ҳақда сўралган саволларга уламолар жоиз, деб фатво беришган.

Исламвеб саҳифасида мана бундай ёзилади: "Аслида қўй ва мол каби тирик ҳайвонларни сотишда тортишга ҳожат бўлмайди. Агар мол мавжуд бўлса кўриб туриб савдо қилинаверади… Уларни вазнига қараб сотиш аввалда маълум бўлмаган. Шундай бўлса ҳам зоҳирдан бу ишда бирор ҳаром нарса кўринмайди. Чунки бу ерда байъга монелик қиладиган ҳеч нарса йўқ. Шундай экан, қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонни вазн ҳисобида сотиб олишнинг зарари йўқ”.

(http://www.islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=14080)


Ийд куни ишлаш керакми ёки дам олиш?

Савол: Биз мусофирчиликда, Россияда ишлаймиз. Саволимиз шундан иборат: Ҳайит намозидан кейин ишласа бўладими? Баъзилар ишлаш ҳаром, дейишаяпти. Илтимос, жавоб берсангиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Ҳасан.

Жавоб: Ийди Қурбон ва Ийди Рамазон кунлари ҳайит намозидан сўнг ёки жума куни жумъа намозидан бошқа пайтда ишлашни тақиқлайдиган бирор оят ёки ҳадис келмаган. Ҳар бир балоғатга етган эркак мусулмон учун дунё иши билан шуғулланиш тақиқланадиган вақт жумъага азон айтилган вақтдир. Жумъа азонидан сўнг ҳар қандай ишни тўхтатиб ибодатга киришиш вожиб. Бу пайтда бошқа иш билан машғул бўлиш гуноҳ ва ҳаром саналади. Ийд ва жумъа намозларини ўқиб бўлгандан сўнг дунё ишлари билан машғул бўлиш жоиз. Бироқ мусулмонлар ўз динларини улуғлашга, йилда икки марта келадиган Ислом байрамларини чиройли ўтказишга даъват қилинадилар. Жума куни ҳам бир ҳафтада бир марта келадиган хос ибодатга алоҳида тайёргарлик кўриш, ғусл қилиб чиройли кийимларини кийиш, барвақтроқ масжидга бориш фазилатли ва баракотли амал саналади. 

Исломдаги икки улуғ байрам куни ота-она ва оила аъзолар билан бирга бўлиш, қариндош-уруғ ва биродарлар билан кўришиш, касаллар ва муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, қабрларни зиёрат қилиш (бу баъзи уламолар наздида) савобли амаллардир. Инсон бундай ишларни бажариш учун ҳам вақт ажратиши керак. Шунинг учун ҳам ийд ва жума кунлари ишдан ёки ўқишдан рухсат олган яхши.

Яқин қариндошларидан узоқда яшаётганлар ҳайит муносабати билан телефон қилиш, телеграмма юбориш, ҳадялар жўнатиш каби ишларни ёки ўзлари турган ерда байрам тадбирлари уюштиришни аввалдан режалаштиришлари керак бўлади.

Маълумки, Ийдул-Азҳо, Ийдул-Фитр ва жумъа намозлари Ислом шиорларидан саналади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида бандаларни тавҳидда мустаҳкам бўлишга, Ўзига ихлос билан ибодат қилишга буюргандан сўнг бундай деб марҳамат қилган:

ذَلِكَ وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ (الج-32).

"Ана у ишлар Аллоҳнинг буйруғидир. Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғлар экан, бас, бу - қалблардаги тақводан пайдо бўладиган амал”. (Ҳаж - 32).

Тақво ва иймон инсонни Аллоҳнинг шиорларини улуғлашга ундайди. Мусулмонлар Аллоҳнинг шиорларидан бўлмиш Ислом байрамларини ўзига хос иззат ва икром билан нишонлашга ҳаракат қиладилар ва буни ўз фарзандларига ҳам ўргатиб борадилар.

Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятга ва солиҳ амалларга муваффақ айласин. Ийдул-Азҳони Ўз юртидан олисда кутиб олаётганларга ҳам иймон-эътиқодда мустаҳкамлик, хонадонларига барака ато қилсин.  

Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш ҳақидаги ҳадисларнинг ҳукми

Савол: Бир биродарнинг айтишича, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлик рўзаси борасида Ҳафса онамиздан ривоят бўлган ҳадис заиф экан. Шунинг учун бу рўзани суннат дейилмас экан. Шу тўғрими ёки йўқми?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида рўза тутиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг ичида саҳиҳлари ҳам бор, заифлари ҳам. Ҳафса разияллоҳу анҳодан Суютий тахриж қилган ҳадисни шайх Албоний ва бошқа уламолар заиф, деб ҳукм қилишган. Аммо саҳиҳ ҳадислар бу кунларда рўза тутишнинг ниҳоятда савобли ва мустаҳаб амал эканига далолат қилади. Бу мазмундаги ҳадисларни Бухорий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Аҳмадлар ривоят қилишган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.    

***

عَنْ هُنَيْدَةَ بْنِ خَالِدٍ عَنِ امْرَأَتِهِ عَنْ بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَصُومُ تِسْعَ ذِى الْحِجَّةِ وَيَوْمَ عَاشُورَاءَ وَثَلاَثَةَ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ أَوَّلَ اثْنَيْنِ مِنَ الشَّهْرِ وَالْخَمِيسَ. (سنن أبى داود - 2 / 301، قال الألباني : صحيح).

Ҳунайда бин Холид аёлидан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи аёлларидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида, Ошуро кунида, ҳар ойдан уч кун, биринчи душанбада ва пайшанба куни рўза тутар эдилар. (Сунани Аби Довуд, Албоний: саҳиҳ).

***

عن هنيدة بن خالد عن امرأته قالت حدثتني بعض نساء النبي صلى الله عليه و سلم : أن النبي صلى الله عليه و سلم كان يصوم يوم عاشوراء وتسعا من ذي الحجة وثلاثة أيام من الشهر أول أثنين من الشهر وخميسين. (سنن النسائي - 4 / 205 قال الشيخ الألباني : صحيح).

Ҳунайда бин Холид аёлидан ривоят қилади. У айтди: Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирлари дедилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни, Зулҳижжанинг тўққиз кунида, ҳар ойдан уч кун: биринчи душанбада ва икки пайшанбада рўза тутар эдилар. (Сунани Насоий, Албоний: саҳиҳ).

***

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ مَا الْعَمَلُ فِي أَيَّامٍ أَفْضَلَ مِنْهَا فِي هَذِهِ قَالُوا وَلَا الْجِهَادُ قَالَ وَلَا الْجِهَادُ إِلَّا رَجُلٌ خَرَجَ يُخَاطِرُ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ بِشَيْءٍ. (صحيح البخاري - 2 / 383).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бошқа кунлардаги амаллар мана бу кунларда қилинганчалик афзал бўлмайди”. Одамлар сўрадилар: "Жиҳод ҳам афзал бўла олмайдими?” Расулуллоҳ дедилар: "Жиҳод ҳам афзал бўла олмайди. Илло бир инсон нафси ва молини хатар остига қўйиб чиқсаю ундан бирор нарса қайтмаса”.(Бухорий).

 ***

Маълумки, Саҳиҳи Муслимда Оиша онамиздан "Мен Расулуллоҳнинг ўн кунликда ҳеч рўза тутганларини кўрмадим”, деган ҳадис ривоят бўлган. Шу сабабли баъзи одамларда чалкашлик пайдо бўлиши мумкин.

Уламолар бу ҳадисни шарҳлаб, Расулуллоҳнинг рўза тутмаганлари бирор узр билан бўлиши мумкинлигини ёки рўза тутганларини ҳамма ҳам билавермаган бўлишини эслатишган.

 ”Расулуллоҳ касаллик, сафар ёки бошқа бирор узр билан тутмаган бўлишлари мумкин. Ёки Оишанинг назарларида тутмагандек туюлгандир. Бундан ҳақиқатан ҳам рўза тутмаганлари келиб чиқмайди”. (Нававий, Шарҳи Саҳиҳи Муслим 4/328). http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=7166&Option=FatwaId

"Бу тўққиз кунда рўза тутишда кароҳат йўқ. Аксинча, бу амал - айниқса тўққизини кунда - жуда кучли мустаҳабдир”. (Авнул Маъбуд - 7/75).

Бухорий ривоят қилган ҳадисга кўра "Бошқа кунлардаги амаллар бу кунларда қилинганчалик афзал бўла олмас” экан, фурсатни ғанимат билишимиз даркор. Аллоҳ ҳаммамизга комил ҳидоят насиб этсин.

Муборак Зулҳижжа ойи бошланди!

Саудия Арабистони Олий маҳкамаси шанба куни кечки пайт Зулҳижжа ойининг ҳилолини кўришга муваффақ бўлинганини билдириб, шунга биноан, ҳожилар учун Арафот тоғида туриш 15 ноябрга тўғри келишини, Ийдул Азҳо байрами эса 16 ноябр сешанба куни нишонланишини эълон қилди.

Шу дамларда дунёнинг турли бурчакларидан 1 ярим миллион мусулмон Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага етиб борганлар ва муборак ҳаж амаллари бошланишини кутмоқдалар.

Шарқий Африка давлатларига мансуб ҳожилар денгиз орқали, Кўрфаз давлатларидан бўлганлар қуруқлик орқали, оламнинг бошқа қисмларидан бўлганлар эса хаво йўллари билан келишган. Бу йили Исломнинг бешинчи амалини бажариш учун келувчиларнинг сонлари 2 миллионга етиши кутилади. (Манба: http://www.islamtoday.net/albasheer/artshow-12-141543.htm)

"Ислом Oвози” таҳририяти ходимлари ўз меҳмонларини муборак кунлар ташрифи билан чин дилдан қутлайдилар ва барча мусулмонлар учун Аллоҳ таолодан баракот ва раҳматлар ато қилишини умид этадилар.

"Қўшалоқ байрам муборак!”

Ассалому алайкум, қадрли Қори ҳазратлари. Сизни ва сиз орқали сайтингиз ходимларини, ҳамда Швециядаги барча мусулмонларни, қолаверса барча аҳли Исломни келаётган улуғ айём Ийди Қурбон ҳайити билан чин қалбдан табриклаймиз. Яратгувчи Эгам барчамизни Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган чин муҳаббат билан сийласин. Ҳаммамизга аҳли муҳаббатларнинг феъллари бўлмиш мўминлар қаршисидаги ҳокисорликни, кофирлар олдидаги иззат ва улуғворликни, Аллоҳ йўлида мушоҳада қилишликни ато айласин. Барча мўмину мўминаларга фойдали илм ва унинг амалини, жаннатга етакловчи савобли амаллар соҳиби бўлишни, покиза ризқига қаноат қилишни ва бу дунёнинг эшигини табассум бирла ёпиб, у дунё эшигини хушнудлик билан очишдек гўзал хотимани насиб этсин. Ислом овозини ёйишдаги меҳнатларингиз ажрини мўл-кўл қилиб берсин. Сиз ва сиз каби муҳожирларнинг иймонларингиз учун кўрган қийинчиликларингизни Аллоҳим Ўзининг жаннатдаги васли билан мукофотласин. Сизлардек Ислом уламоларининг илмидан баҳраманд бўлишни биздек мухлисларингизга ҳам ўз диёримизда юз кўришиб баҳранд бўлишлигимизни насиб этсин, омийн.

Яна бир бор қўшалоқ байрам Жума айёми ва Ийди Қурбон ҳайити билан чин қалбдан табриклаб, фарғоналик мухлисларингиз номидан Салтанат.

Зулҳижжа ойи муборак бўлсин!

"Ислом Овози” саҳифаси ўз мухлислари учун эртага 2009 йил, 18 ноябр чоршанба куни Зулҳижжа ойининг биринчи куни эканини маълум қилишдан мамнунлик изҳор этади. Бу хушхабарни бир неча дақиқлар муқаддам қатор исломий ахборот манбалари тарқатдилар. Уларга кўра Саудия Арабистони Олий маҳкамаси сешанба куни кечқурун янги ойнинг ҳилоли кўринганини, бинобарин, чоршанба 1430 ҳижрий йил, Зулҳижжа ойининг биринчи куни бўлишини эълон қилган. Олий маҳкаманинг маълум қилишича, 2009 йил, 26 ноябр пайшанба ҳожилар Арафотга чиқадиган кун бўлади, иншоаллоҳ. Эртасига 27 ноябр жума куни эса муборак Ийдул-Азҳо байрамидир.

Аллоҳ таолодан бутун оламга раҳмат, ҳидоят ва тинчлик ато айлашини, мазлумлар учун Ўз нусратларини юборишини тилаймиз.

Буюк Раббимиз Зулҳижжа ойининг Ўзи томонидан улуғланган биринчи ўн кунлигини чиройли ибодатлар, баракали солиҳ амаллар билан ўтказишимизни муяссар айласин.

Шанба – Зулҳижжа ойининг 1 куни
Бугун 29 Зулқаъда (27 ноябр) пайшанба куни оқшом мусулмон оламининг бир қатор Ислом муаассасалари шанба куни Зулҳижжанинг 1 куни бўлишини эълон қилдилар. Шунингдек, Саудия Арабистони, Миср каби бир неча араб ва ислом давлатлари бугун пайшанба кечқурун янги ой кўринмагани, шунга биноан эртага жума куни Зулқаъда ойининг 30 куни деб ҳисобланиши, шанба эса Зулҳижжанинг 1 куни бўлишини билдирдилар. Демак, 2008 йил, 8 декабр, душанба куни Ийдул-Азҳонинг биринчи куни бўлади, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло бу ойда ҳамма мусулмонларга кўплаб солиҳ ва чиройли амаллар қилишни муяссар айласин. Ундан Ислом динимизга ривож, олам мусулмонларига нусрат ато айлашини сўраб қоламиз.

Арафа ва ийд кунлари айтиладиган такбирлар (Такбири ташриқ)

icon for podpress   [00:06:30m]: Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Қурбонлик аҳкомлари

icon for podpress   [00:13:18m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Зулҳижжанинг бу қадар улуғланиш сабаби нима?

icon for podpress   [00:07:28m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Муборак ўн кун

icon for podpress   [00:07:07m]:  Нусха олиш
icon for podpress  Realmedia: Нусха олиш

Источник: islomovozi.com

Убрать рекламу с сайтa
Сайтдан рекламани олиб ташлаш

Чтобы скачать файл на свой компьютер, нажмите правой кнопкой мышки по ссылке Скачать и выберете "Сохранить объект как..."
Если Вы нашли ошибку на сайте, отправьте, пожалуйста, сообщение модератору.
Агар сайтимизда носозликни курсангиз илтимос модераторга хабар беринг.

Нашли ошибку в тексте? Выделите ее и нажмите Ctrl + Enter.
Categories: Фикх / Date: 01/10/2012
Comments